Эрдўған БМТ Хавфсизлик Кенгашига оид муҳим ўзгаришни таклиф этди
World
−
18:34 523 2 minutes
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишга ва вето ҳуқуқини бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда у “Bloomberg” учун ёзган мақоласида маълум қилди.
Туркия етакчисининг сўзларига кўра, Хавфсизлик Кенгашининг ҳозирги тузилмаси ҳамон Иккинчи жаҳон урушидан сўнг шаклланган кучлар нисбатини акс эттирмоқда ва ортиқ замонавий шароитга жавоб бермайди. Эрдўғаннинг билдиришича, халқаро инқирозлар “бир нечта пойтахт”нинг қарорларига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак, улар учун масъулият эса кўпроқ сондаги давлатлар ўртасида тақсимланиши лозим.
“Вето ҳуқуқини бекор қилиш ҳар қандай мазмунли ислоҳотнинг ҳам бошланғич нуқтаси, ҳам асосий стратегик мақсадига айланиши керак. Ислоҳот худди шу имтиёзнинг бошқа давлатларга ҳам тарқатилишидан иборат бўла олмайди”, дейди у.
Шунингдек, у Бош ассамблея доирасида ҳеч бир давлат “халқаро ҳамжамият кўпчилигининг хоҳиш-иродасига доимий равишда тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак” деган тамойилга асосланган кенг коалиция тузиш зарур, деб ҳисоблайди.
Унинг фикрича, Хавфсизлик Кенгаши ва Бош ассамблея ўртасидаги мувозанатни қайта тиклаш лозим.
Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқига эга доимий аъзолари Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Хитой АҚШ томонидан тайёрланган ва Эронга қарши санкцияларга риоя этилишини назорат қилувчи мустақил экспертлар гуруҳи мандатини яна бир йилга узайтиришни назарда тутувчи БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасига вето қўйганди.
Live
All