Гулжаҳон Йўлдошевага ҳибсхонада тазйиқлар бўлганми? Шифокорнинг турмуш ўртоғи билан суҳбат

Интервью 26698
image

Жорий йилнинг, 12 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати томонидан уй қамоғи эҳтиёт чораси шартларини юмшатиш бўйича киритган аппеляция шикояти асосида ёпиқ суд мажлиси бўлиб ўтгани ва аппеляция суди давомида эҳтиёт чораси ўзгартиришсиз қолдирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Суд мажлиси якунига етганидан сўнг Йўлдошеванинг адвокати суд мажлиси ва эҳтиёт чорасидан норозилиги ҳақида берган интервьюси QALAMPIR.UZ орқали эълон қилинди.

Биз Гулжаҳон Йўлдошеванинг турмуш ўртоғи Ҳикматилла Мамараимов билан учрашиб, бўлган воқеаларга муносабати, ҳозирги кунда уй қамоғи эҳтиёт чораси шартларидан нега норозилги, Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсхонада сақланаётган вақтида фарзандларининг тарбияси билан ким шуғуллангани ҳақида сўрадик.

Феруза Нажмиддинова, журналист: —Турмуш ўртоғингизни олиб кетишган кунни эслайсизми?

Ҳикматилла Мамараимов, Гулжаҳон Йўлдошеванинг турмуш ўртоғи: — Гулжаҳон COVID-19 га чалинганидан кейин маълум вақт шифохонада даволанди. Лекин шифокор Фаррух Рустамов (Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусдан даволаниб, сўнг вафот этган шифокор – таҳр.) билан бўлган воқеалардан кейин, унга кўп қўнғироқлар бўлди, даволаниш жараёнида безовта қилишди. Шу боис даволанишни охирига ҳам етказмай, терговчилар билан учрашиб, тезроқ гувоҳлик беришни истади. 

7 сентябрь куни ўз қўли билан ариза ёзиб, шифохонадан чиқди. Ўша кун ёдимда, ойижондан ош қилиб беришларини илтимос қилди. Уйга келдик, лекин аҳволи яхши эмасди.

Эртаси куни Гулжаҳон терговга боришдан аввал синглиси билан гўзаллаик салонига йўл олди. Орадан бир неча соат ўтгач, менга танишларим қўнғироқ қилиб, Гулжаҳоннинг автомобилида ички ишлар ходимларини кўришганини айтди. Мен шу заҳоти рафиқамга қўнғироқ қилдим. У ички ишлар ходимлари гўзаллик салонига келишгани ва уни олиб кетмоқчи эканларини айтди. Унга мен бормагунимча, жойидан қимирламаслигини уқтирдим. 

Мен гўзаллик салонига етиб боргач, ишки ишлар ходимлари ҳамроҳлигида прокуратурага йўл олдик. Шу ернинг ўзида Глужаҳонга санкция бериб, ҳибсга олишди. Гулжаҳон нима иш қилганки, уни қамаб қўйишди? Бу савол бизни жуда қийнарди. Очиғи, ҳаммамиз саросимага тушиб қолдик. 
 
Мен ҳуқуқларимдан келиб чиқиб, адвокат ёлладим ва у билан учрашишга кетдим. Орадан бироз вақт ўтиб, менга қўнғироқ бўлди. Болаларимнинг аҳволи, шароитини билиш учун уйимизга келишганнини айтишди. Адвокатим болаларга ўзим қарашим, ота сифатида ғамхўрлик қилишимни айтишимни маслаҳат берди. Мен агар бу тилхатни ёзмасам, улар фарзандларимизни Меҳрибонлик уйига олиб кетишарди. 

Ҳозирги кунгача болаларга ўзимиз қарадик. Онамда қандли диабет касаллиги бор, шунга қарамай, баҳоли қудрат фарзандларимизни парваришлашга ёрдам беряптилар.  

Ф.Н.: — Турмуш ўртоғингизнинг ишлари, ундаги муаммоларни билармидингиз?

Ҳ.М.: — Йўқ, тўғриси турмуш ўртоғимни ишига аралашмайман. Лекин ўз ишини яхши кўриши, доим ишига сидқидилдан ёндашишини биламан.

Ф.Н.: — Сиз уларга қўйилган айбловлар рост эканига ва у шундай қалтис ҳаракатлар қилишига ишонасизми?

Ҳ.М.: — Йўқ. Гулжаҳон бундай иш қилмайди. Мен у билан неча йилдан буён яшаб келяпман ва унинг қандай эканини яхши биламан. У доим ҳалол ишлаган. Керак бўлса беморларим деб, ярим кечалари ҳам шифохонага борар эди. Айнан шу каби кеч юриш ҳолатлари учун кўп уришардик. Лекин у беморлари учун жонини куйдириб ишлаган.

Ф.Н.: — Фарзандларингиз онасининг қамоқда эканини биладими?

Ҳ.М.: — Ҳа, билди. Аввалига билмаганди, юқорида айтганимдек, Гулжаҳон шифохонада даволанаётган эди, шу сабабли уларга онасини шифохонада деб айтдик. 

Биринчи суд мажлисига фарзанларим билан бордим. Биз уни суд залидан чиқариб юборишади, деб ўйлагандик. Лекин ундай бўлмади. Суд залидан ташқарига чиққач, уни қамоқхонанинг махсус автомобилига  чиқаришаётганини кўрдик. Гулжаҳон деб бақирдим, 3 ёш қизим автомобиль эшигигача борди, ойи деб йиғлади. Ичкарида Гулжаҳон боламни кўрсатинглар деб ялинди, лекин рухсат беришмади. 

Ф.Н.: — Уй қамоғи эҳтиёт чорасининг қандай шартлари бор ва сиз қайсиларини енгиллатишни сўраяпсиз?

Ҳ.М.: — Телефон орқали гаплашиш мумкин эмас. Уйдан кўчага чиқмаслик, ойнадан қарамаслик, эшик олдига бормаслик белгиланган. Қўшимча қилишни истардимки, Гулжаҳон барча қўйилган талабларни бажаряпти. Ҳеч қайси қоидани бузмади. Биз апелляция шикояти билан судга мурожаат қилишимизнинг сабаби эса, ҳозир барча дарслар онлайн бўлган ва болаларимиз ҳаммаси унда қатнашади. Дарсларда қатнашиш ва уй вазифаларини тайёрлашда онасининг ўрни бўлак. Давлатнинг ўзи ота-оналардан онлайн дарсларни кузатиб боришни ва фарзандлари билан бирга уйга вазифаларни тайёрлашни талаб қиляпти, ахир. Кейин болаларнинг спорт машғулотлари ҳам бор. Мен ё ишлаб, рўзғор тебратишим, ё болалар билан шуғулланишим керак. 

Бундан ташқари, юқорида ҳам айтиб ўтдим, Гулжаҳон COVID-19 дан тўлиқ соғаймаган ва унга шифокор ёрдами зарур.

Ф.Н.: — Маълум вақт Зангиотада аёллар ҳибсхонасида бўлдилар. Ана шу даврда уларга нисбатан тазйиқлар бўлганми? Бу ҳақда ўзларидан сўрадингизми?

Ҳ.М.: — Йўқ. Мен уйга келиши билан ҳибсхонада қандай қийинчилик бўлди деб сўраганимда, “қийинчилик бўлмади, мени қийнашмади, фақат болаларим, оиламдан узоқ бўлганим менга азоб берди”, деб айтди.

Йўлдошева иши 

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди

У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди. 

Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 545
Рейтинг: 2.9
t
×