Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича суд бошланди

Жамият

image

Бугун, 27 ноябрь куни, жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди биносида судланувчилар Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори лавозимида ишлаган Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан очилган жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни бошланди. 

Мазкур иш доирасида қуйидагилар ҳам судланяпти:

Ш. Рўзметов (1990 йилда Хоразм вилоятида туғилган, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси шифокори лавозимида ишлаган);

Ж. Зиядуллаев (1986 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Тошкент вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори лавозимида ишлаган);

А. Дадаматов (1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси собиқ бош ҳисобчиси, Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси вазифасини бажарувчиси бўлиб ишлаган);

Ж. Акимова (1977 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси бош ҳисобчиси вазифасини бажарувчиси бўлиб ишлаган).

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси Суннатулло Авлакулов раислигида кўрилмоқда.

Судланувчилар Г. Юлдашова Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) да, Ш. Рўзметов, Ж. Зиядуллаев Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) да, А. Дадаматов, Ж. Акимова Жиноят кодексининг 167-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Йўлдошева иши 

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди

У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди. 

Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулжаҳон Йўлдошева

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг