Гулнора Каримова қамоқхонада коронавирусга чалинганми?
Жамият
−
12 Ноябрь 2020
74290Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд Форум васийлик кенгаши раиси ва уюшган жиноятчилик раҳбари бўлган Гулнора Каримова айни вақтда суд томонидан белгиланган жазо муддатини ўтаётганидан хабарингиз бор. Бу орада ижтимоий тармоқларда ва халқаро ОАВда Гулнора Каримованинг жазони ижро этиш муассасасида коронавирусга чалингани ҳақида гаплар тарқалди.
Бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган Матбуот анжуманида комиссия раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевадан Гулнора Каримованинг бугунги ҳолати ҳақида сўралди. Норбоева ўз сўзида унинг коронавирусга чалинганини рад этди.
“Буларнинг барчаси миш-миш гап, асосланмаган фактлар”, дейди Норбоева.
У бу саволга ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиги ўринбосари, хотин қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи Умида Абдуллаева жавоб беришини айтиб, унга юзланди.
“Бу гапларга асос йўқ. Ўз жонига қасд қилди ёки бошқа шу каби гапларга асоссиз. Унга суд томонидан жазо белгиланган ва фуқаро жазо муддатини ўтаяпти”, дейди Абдуллаева.
Танзила Норбоевадан Гулнора Каримова билан боғлиқ вазиятга аёл сифатида баҳо бериши сўралганда, у шундай жавоб қайтарди.
“Бугун Гендер тенглик ҳақида гапиряпмиз, аёлми ё эркак, жиноят қилса, тенг жавоб бериши керак”
Эслатиб ўтамиз, сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ Колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
Жорий йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь