Гулнора $240 млн долларлик кўчмас мулк салтанатини қандай қурди? Янги маълумотлар пайдо бўлди

Таҳлил

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси, айни вақтда қамоқда сақланаётган Гулнора Каримова Лондондан Гонконггача бўлган кўчмас мулк учун 240 миллион доллар (200 миллион фунт стерлинг) сарфлагани аниқланди. Бу ҳақда "Freedom For Eurasia" ўрганишлари натижалари бўйича эълон қилинган ҳужжатда сўз борган

“Гулнора Каримова порахўрлик ва коррупция йўли билан қўлга киритилган маблағ эвазига уй ва самолёт сотиб олишда Буюк Британия компанияларидан фойдаланган”, дейилади тадқиқотда. 

Британия компаниялари учун ишловчи, Лондон ва Британия Виржиния оролларида жойлашган бухгалтерия фирмалари ушбу битимларга аралашган. Ушбу ҳисобот Британиянинг ноқонуний мулкларга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларига нисбатан шубҳа пайдо қилади.

Британия расмийлари хорижий жиноятчиларнинг пул ювиш учун Британиядаги мулклардан фойдаланиши олдини олиш учун етарли чора кўрмаётгани учун танқид қилиб келинади.

“Каримованинг Британияда осонлик билан мулк сотиб олгани хавотирли ҳол”, дейилади ҳисоботда.

Компаниялар учун ишлаганлар уларнинг Каримовага алоқадор эканини билгани ҳақида маълумот йўқ. Британияда бундай хизмат кўрсатганлар иши суриштирилмаган ва ҳеч ким жаримага тортилмаган.

"Каримова иши энг йирик пора ва коррупция ишларидан биридир", дейди "Freedom For Eurasia" ҳисоботи муаллифларидан бири, Оксфорд университети тадқиқотчиси Том Мейн.

"Freedom For Eurasia" тадқиқотчилари кўчмас мулк реестрилари ҳужжатларини ўрганиш орқали у ҳибсга олинишидан олдин шубҳали фондлар орқали турли мамлакатлар – Британия, Швейцария, Франция, Дубай ва Гонконгда камида 14 та мулк сотиб олганини аниқлади.

14 март куни эълон қилиниши кутилаётган "Who Enabled the Uzbek Princess?" ҳисоботида Лондон ва унинг атрофидаги 50 миллион фунт қийматдаги 5 та мулкка эътибор қаратилади. Улар орасида Букингэм саройи ғарбида, Белгравиядаги квартиралар, Мэйфейрдаги уй ва Суррейдаги хусусий кўли бўлган 18 миллион фунтлик уй бор.

2013 йилда Каримова ҳибсга олинишидан олдин Белгравиядаги иккита квартира сотилган. 2017 йилда "Serious Fraud Office" Мэйфейрдаги уйни, Суррейдаги уйни ва Белгравиядаги учинчи квартирани музлатиб қўйди.

"Freedom For Eurasia" ҳисоботида, шунингдек, Каримова ёки унинг шериклари жиноятдан тушган маблағларни кўчмас мулк ва шахсий самолётларга сарфлашига ёрдам бергани айтилаётган Лондон ва Британ Виржиния оролларидаги фирмалар номи ҳам келтирилади.

Каримова билан шахсий муносабатлари борлиги айтиб келинадиган Рустам Мадумаров ва ҳозирда унинг шериклари экани айтилаётган бошқа шахслар расмий ҳужжатларда Британ Виржиния ороллари, Гибралтар ва Буюк Британияда жойлашган компанияларнинг "бенефициар эгалари" (назорат қилувчи шахс) сифатида қайд этилган. Аммо ҳисоботда айтилишича, улар Каримованинг фақат ишончли вакиллари бўлиб, у фирмалардан юзлаб миллион долларни ювишда фойдаланган.

Каримовага алоқадор бўлгани айтилаётган икки компания Panally Ltd ва Odenton Management Ltd’га илгари Лондоннинг Нью-Оксфорд кўчасида жойлашган SH Landes LLP фирмаси бухгалтерия хизмати кўрсатган.

2010 йил июль ойи охирида SH Landes бошқа бир компанияни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилди. Мақсад $40 миллион долларга хусусий самолёт сотиб олиш эди, Мадумаров эса унга бенефициар сифатида кўрсатилган. Ҳисоботда айтилишича, ҳақиқатдан ҳам бу харид ортида Каримова турган.

Гулнора Каримованинг Лондоннинг Мейфэридаги собиқ мулки жиддий фирибгарликларни текширувчи идора (Serious Fraud Office) томонидан мусодара этилган

Ўша пайтда унинг маблағлари манбаси ҳақида сўралганда, SH Landes шундай жавоб берган: 

"Биз унинг шахсий бойлиги ҳақидаги саволни бу вазиятда ўринсиз деб ҳисоблаймиз". 

Афтидан, бунга Мадумаровнинг шахсий маблағидан самолёт сотиб олиш учун пул ажратмагани сабаб бўлган.

Лондонда жойлашган бу фирма кейинчалик Мадумаровнинг бойлиги қисман Ўзбекистонда жойлашган Uzdunrobita уяли алоқа компаниясидан келганини даъво қилди. Компаниянинг Каримова билан эҳтимолий алоқалари ҳақида саволлар аллақачон кўтарилган эди. 2004 йилда "Moscow Times" газетасида нашр этилган мақолада Каримова сохта ҳисоботлардан фойдаланиб, "Uzdunrobita"дан 20 миллион долларга яқин пул ўтказиб юборгани айтилган эди. Собиқ маслаҳатчи Каримовани "товламачиликда" ҳам айблаган.

Бу Ўзбекистондек давлатнинг хавфли юрисдикциясига алоқадаор бўлган йирик битим бўлганлиги сабабли, “SH Landes маблағлар манбаси қонуний эканлиги ва жиноий йўл билан ўзлаштирилмаганига ишонч ҳосил қилиш учун эҳтиёткорлик билан текшириши керак эди”, деб таъкидланади ҳисоботда.

SH Landes, шунингдек, Panally Ltd компаниясининг 2012 йилги молиявий маълумотларини ҳам эълон қилди. Ҳисоботда айтилишича, 2013 йил сентябрида уларни Каримованинг яқин ҳамкори: ўша пайтда 30 ёшда бўлган Гаяне Авакян имзолаган.

"Freedom For Eurasia" ташкилоти вакили Том Мейннинг айтишича, Каримованинг Буюк Британияда шунчалик кўп мулк сотиб олиши хавотирли ҳолдир.

"Бошқа давлатлар унга тегишли банк ҳисоблари ва активларини музлатиб қўйганидан кейин йилларча вақт ўтиб, 2017 йилга келибгина расмийлар эътибор берди", дея қўшимча қилади у.

Гулнора Каримова қаерда? 

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова 2022 йилнинг 8 июль куни 50 ёшни қаршилади. Унинг ўғли Ислом Каримов Лондонда истиқомат қилмоқда. У уйланган, бир нафар фарзанди бор. Қизи Имон Каримова ҳам Лондонда ўқишни давом эттирмоқда ва у баъзан Ўзбекистонга келиб туради. Имон Каримова бувиси Татьяна Акбаровна Каримова ва холасининг қизи Марям Тилляева билан узилиб кетган муносабатларни тиклаган. 

Каримовлар оиласининг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонни тарк этган.  У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган. Биринчи Президентнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда ёлғиз истиқомат қилмоқда. У 26 август куни 74 ёшни қаршилайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг