Гулнора Каримованинг қамоқдан чиқиши яқинми?

Таҳлил

Дипломат, профессор, шоира, дизайнер, хонанда, тадбиркор, медиамагнат ва кўпчилик учун Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи сифатида танилган Гулнора Каримова қамоққа ҳукм қилинганидан 10 йил ўтиб, манзил-колонияга чиқарилди.

Аммо буни Ўзбекистоннинг расмий идоралари ҳали тасдиқлаганича йўқ. Кўплаб ОАВлар, жумладан, QALAMPIR.UZ ҳам ўзининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил манбаларига таяниб, бу хабарни эълон қилмоқда. 

Суд ҳукми ўқилган 2013 йилдан то бугунга қадар Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сон аёллар учун ихтисослаштирилган колонияда сақланган эди. Таҳририятга маълум маълумотларга кўра, айни дамда Каримова Зангиота туманидаги 42-сонли манзил-колонияга ўтказилган. Энди Каримова қамоқхонадан анча эркин ҳаракатланиш мумкин бўлган манзил-колонияга нима учун ўтказилганига тўхталсак.

Манзил-колонияга кимлар ўтказилади? 

"Маҳкум манзил колониясига ўтказилиши учун амалдаги Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига (Манзил-колонияларда жазони ўташ тартиби) асосан муайян шартлар бўлиши талаб этилади. Аввало, маҳкум тузалиш йўлига ўтган бўлиши керак. Бундан ташқари, оғир жиноят учун, шунингдек, қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаган бўлиши керак. Ўта оғир жиноят учун жазодан муддатдан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жиноят учун маҳкум суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини ўтаган бўлиши лозим", дейди адвокат Абдумалик Абдуллаев.

Энди унга қўйилган айбловларга назар ташласак, Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 

Бош прокуратуранинг 2017 йилда берган маълумотларига таянадиган бўлсак, унда Каримовага 2013 йил 24 октябрда бир нечта МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилгани, мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Гулнора Каримова 2001-2012 йилларда Содиқов, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келгани аниқлангани айтилади. 

Ўша вақтда Прокуратура Гулнора Каримова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-модда (Сохта тадбиркорлик), 184-модда (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 227-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш билан айбланганини айтган. Юқорида айтганимиздек, Каримова 2017 йилнинг декабрь ойида 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ўшанда унга инсонпарварлик нуқтайи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилганди.

Бу жазони ўташ жойи этиб, унинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган. Шу билан бирга, маҳкума Г.Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.

Кейинчалик Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгилангани айтилди ва у Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясига жойлаштирилган.

Олий суднинг 2020 йилда берган маълумотига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган ва судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

Ана энди юқоридаги саволнинг жавобига тўхталамиз. Агар Каримовага 13 йил 4 ой муддат берилгани ва бу муддат 2015 йил августдан ўташи белгиланганидан келиб чиқилса, Гулнора Каримова 2015 йил августдан 2024 йил августгача 9 йил, августдан декабрь ойигача ҳисоблаганда умумий 9 йил 4 ой жазо муддатини ўтади. Демак, 13 йил 4 ойдан жазонинг ўталган қисмини олиб ташласак, умумий ўталмаган жазо муддати 4 йил қолади. Каримовага қўйилган айбловлар билан жазонинг қолган 4 йили манзил-колонияда ўталадими ёки қанчадир вақтдан кейин у озодликка чиқиши мумкинми деган саволга адвокат Абдумалик Абдуллаевдан жавоб оламиз. 

"Энди Гулнора Каримова масаласига келадиган бўлсак, аввало, Гулнора Каримова суд ҳукмига кўра, ўта оғир жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Суд ҳукмини ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақида биз ҳеч қандай расмий ахборотни ўқимадик. Суд ҳукми билан тайинланган 13 йилу 4 ой муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини камида ярмини ўтаганлигидан келиб чиқилса, манзил колониясига ўтказилиш учун муддатини ўтаб бўлган. Тузалиш йўлига ўтганлик факти жазони ўтаётган колония томонидан тасдиқлансагина манзил колониясига ўтказилган бўлиши мумкин, деб айта оламиз", дейди адвокат.

Ана энди Гулнора Каримова ўтказилгани айтилган манзил-колония ҳақида маълумот берсак. Манзил-колония ҳам худди қаттиқ ё умумий тартибли колониялар, яъни қамоқхоналар сингари Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти қарамоғида.

Манзил-колониясида жазони ижро этиш колонияларига  қараганда анча енгил тартиб ўрнатилган. Мисол учун, қамоқхоналарда узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар, телефон сўзлашувлари аниқ қилиб белгиланган. Бу колониянинг тартибига қараб ҳар бир ярим, икки ёки уч ойда бир марта ҳам берилади. Телефон сўзлашуви ва посилка бандероль бериш тартиби ҳам аниқ.

Лекин бу қоидалар манзил-колонияда анча енгил. Ўзбекистонда жами 25 та манзил-колония бор.

Жиноят-ижроия кодексининг 114-моддасида, манзил-колониялардаги маҳкумлар:

  • соқчисиз, аммо назорат остида сақланишлари;
  • тонгдан кечки уйқугача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланишлари;
  • агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари;
  • фуқаролар киядиган кийимда бўлишлари;
  • ёнларида пул ва қимматли буюмларни сақлашлари, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланишлари;
  • чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари;
  • чекланмаган миқдорда учрашув олиш ҳуқуқига эга эканликлари белгиланган. 

Агар манзил-колонияда жазо ўтаётган маҳкум, қоидани бузса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 105-моддасига кўра, 

  • огоҳлантириш;
  • ҳайфсан;
  • енгиллаштирилган сақлаш шароитини бекор қилиш;
  • интизомий бўлинмага киритиб қўйиш;
  • сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларни манзил-колониядан умумий тартибли колонияга ўтказиш;
  • сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларни манзил-колониядан умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга, қаттиқ тартибли колониядан махсус тартибли колонияга, колониядан турмага қайтарилиши мумкин. 

Гулнора Каримова 21-сон жазони ижро этиш колониясида сақланган вақтида барча маҳкумларга амал қилган тартиб унга келганда ўзгаргани ҳақида кўп гап-сўзлар болалаганди. 

Масалан, Каримованинг адвокати Грегуар Манжа 2019 йил июль ойида Тошкентга келиб, Гулнора Каримова билан учрашгани ва унинг аҳволи ёмонлигини айтиб, Ўзбекистон Ҳукуматига бир савол билан мурожаат қилган.

“Зангиотадан қайтяпман. Мижозим ёмон аҳволда. Қон босими юқори. Оёғи тўла боғланган. Ҳеч қандай тиббий муолажа йўқ. Бир неча марта ҳушини йўқотди. Ҳукуматга асосий саволим: Зангиота, нега ва қачонгача?”, деган Грегуар Манжа Twitterʼдаги саҳифасида.

Адвокат мижозининг ўзбошимчалик билан ушлаб турилишини тўхтатишга чақирганди ўшанда. 

Швейсариялик адвокат бундан аввалги ташрифидан кейин мижозига тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ва унга руҳий босим ўтказилаётгани ҳақида маълум қилганди. Аммо Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ушбу хабарларни рад қилиб, Гулнора Каримованинг аҳволи қониқарли эканини таъкидлаган.

Ўшанда ҳолат бўйича Омбудсман ва Адлия вазирлиги текширув ўтказгани айтилган. 

“Сўнгги пайтларда турли Интернет ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлар орқали бугунги кунда суднинг ҳукмига асосан тегишли жазони ўтаётган маҳкума Г.И.Каримованинг жазони ўташ муассасасидаги шарт-шароитлар хусусида билдирилаётган турли хабарлар юзасидан Адлия вазирлиги томонидан маҳкума сақланаётган Тошкент вилояти Зангиота туманидаги умумий тартибли 21-сон аёллар колониясида ўрганиш ўтказилмоқда”, деган Адлия вазирлиги ўзининг 2019 йил июль ойидаги баёнотида. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Гулнора Каримова билан учрашгани, суҳбат чоғида Каримова эътибор ва ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам учун ташкилотнинг тиббиёт ходимларига алоҳида миннатдорлик билдирганини айтиб чиққанди. 

Ўрганишлар давомида муассаса томонидан Гулнора Каримованинг тиббий кўрикдан ўтказилиши учун кардиология, неврология, гастроэнтерология, эндокринология ва гинекология соҳасида етакчи мутахассислар жалб қилингани қайд этилган. Шунингдек, алоҳида тиббий кўриклар ИИВ марказий госпиталида амалга оширилган. Гулнора Каримова шифокорлар тавсиясига кўра, тизимли асосда керакли тиббий препаратларни қабул қилаётгани айтилмоқда. “Бугунги кунда унинг саломатлиги умумий жиҳатдан қониқарли ва соғлом овқатланиш рациони ташкил этилган”, дейилганди Омбудсман ахборотида.

Каримова унинг саломатлиги ва учрашувларга рухсат берилмагани ҳақида нафақат унинг адвокати, қизи Имон Каримова ва онаси Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳам айтиб чиққан.

Масалан, 2021 йилнинг апрель ойида Ислом Каримовнинг набираси, Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ўзига тайинланган жазони ўтаётган онаси Гулнора Каримова билан учраша олмаётганини айтганди. 

Имон Каримова онаси билан учрашиш учун Гулнора Каримова жазо ўтаётган 21-сонли жазони ижро этиш колониясига расман мурожаат қилган. ЖИЕК раҳбари Гулрух Расулова Имонга қўнғироқ қилиб, у онаси билан учраша олмаслигини айтганини иддао қилганди. 

“Гулрух Расулованинг айтишича, Зангиота колониясида мен ва онамнинг узоқ муддатли учрашуви учун шароит йўқ. “Раҳбарият” бизга узоқ муддатли учрашувга рухсат беришни мақсадга мувофиқ эмас деб топган. Шартлар бошқалар ва биз учун афтидан фарқли бўлиши керак, аммо қандай қилиб тушунарсиз. Мен бунгача бир хил шароитда учрашишга рухсат беришганини айтганимга қарамай, изоҳ беришмади”, дейди Имон Каримова.

Имон Каримованинг онаси билан учраша олмаётгани ҳақида айтган постларидан кейин Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова шундай муносабат билдирганди:

“Республика бўйича 200 дан ортиқ муассасалар бор. Биз режа асосида барча муассасалар ва аёллар колониясига ҳам борамиз. Айнан Гулнора Каримова сақланаётган колонияга ҳам бир неча маротаба бориб, мониторинг ўтказдик. Каримованинг қизи Имон Каримова ўша вақтда карантин чекловлари сабабли онаси билан кўриша олмаган бўлиши мумкин. Ҳозир карантин чоралари юмшаган ва учрашувлар амалга ошириляпти”, дейди омбудсман.

2023 йилнинг июнь ойига келиб эса Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова биринчи марта қамоқда сақланаётган тўнғич қизи Гулнора Каримовани кўришга рухсат берилмаётгани ҳақида сўз очди. У бу ҳақда Instagram’даги саҳифасида ёзиб қолдирган. 

Аввалига Татьяна Каримова бугун, 17 июнь куни 25 ёшни қаршилаган набираси – Гулнора Каримованинг қизи Имонни таваллуд куни билан табриклаган. Лекин афсуски, бугунги гўзал кун қувончи тўкис эмас. 21-жазони ижро этиш колониясидаги қизим Гулнорани кўришга рухсат берилмади…” деб ёзган Татьяна Каримова.

Гулнора Каримова 2004 йилдан қамалгунга қадар нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам катта обрў-эътиборга, мавқега эга бўлган. Каримова хоним қўл урмаган соҳа, бошчилик қилмаган лойиҳалар камдан кам учрарди. Хайрия дейсизми, ёшларга оид давлат сиёсатини юритишми ёки медиа соҳасими, хуллас, ҳеч бири Гулнора Каримовани четлаб ўтмаган.

Гулноранинг оиласи билан муносабати

Гулнора Каримованинг отаси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан муносабати зўр эди, деб айтиш қийин. Уларнинг сўнгги йилларда бирга тушган суратлари ҳам йўқ. Қолаверса, Каримовага отаси иқтидорда вақтида жиноят иши очилган. Бир неча йил олдин Гулнора Каримованинг отасининг олдига киритишларини сўраган видеоси ҳам тарқалган эди.

2020 йилнинг январь ойида Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллиги муносабати билан чоп этилган фотоальбомга ҳам Каримовнинг қизлари билан тушган суратлари киритилмаган эди.

Гулноранинг тўнғич фарзанди кичик Ислом Каримов 2017 йилда BBCʼга берган интервьюсида бобоси – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора билан муносабатларига тўхталганди.

“Бобом ҳар доим онамга “Ҳеч қачон мендан ошиб кетмаслигинг керак”, деб айтиб келган. Бобомда ўз қизи унга бўлган халқ муҳаббатини ўғирлаб олади, деган хавотир бўлган. Онам ҳеч қачон бунга уринмаган ва ҳар доим уни кўкларга кўтарган”. 

Кичик Каримов сўзида давом этаркан, бобоси онасининг ТВ экранлари ва матбуот саҳифаларида чиқишини истамаганини айтади. 

“Муаммо шундаки, бобом бир неча бор уйда ўтириб, онамни телевизорда кўрган. Онам у ерда ёки бу ерда кўриниш берган. У шунчалар ғазабланганки, баъзи жамоатчилик ишларини ундан яширишга мажбур бўлганмиз. Бобом унинг ўзбек матбуоти, телеканаллар, маросимларда чиқишини истамаган. Шунинг учун Фонд форумда бўлган “Меҳр нури”, “Янги авлод” каби баъзи компанияларни расмийлаштиришимиз жуда қийин бўлган. Илк йиллари онам уларга боғлиқлигини рад этган. Васийлик кенгашида исми турса-да, бу менинг ғоям деб айтолмасди. Агар айтса, бобом “Мана, сен мендан ҳокимиятни ўғирламоқчисан”, деб айтган бўларди”, деган кичик Ислом Каримов.

Гулноранинг нафақат отаси билан, балки синглиси Лола Каримова  билан ҳам муносабати ҳавас қиладиган бўлмаган.

Лола Тиллияева 2013 йилда халқаро оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсида опаси Гулнора Каримова билан 12 йилдирки, муносабатлари яхши эмаслигини айтган. Бундан чиқди, 2001 йилдаёқ уларнинг орасидан ола мушук ўтган.

“Мавжуд бўлмаган муносабатларни тасвирлаб бериш қийин. Мен ва опам бир-биримиз билан 12 йилдан ортдики, мулоқот қилмаймиз. Буни ҳеч қачон яширмаганмиз ва бундан кўплар хабардор. Кўп йиллардан бери ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Орамизда на оилавий, на дўстона алоқалар бор. Савол сўрашингиздан олдин айтмоқчиманки, оилавий маросимларда ҳам кўришмаймиз”, деган эди Лола Каримова ўз интервьюсида.

Кейинроқ Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов ҳам 2016 йилда ОАВга интервью бериб, онаси ва холаси ўртасидаги зиддиятларда марҳум бобосини айблаганди.

“Ойим ва синглиси орасида ёшликларида нормал муносабатлар бўлиб келган. Ягона муаммо шуки… Мен бунда кўпроқ бобомни айблайман. Чунки ойим математика мактабини олтин медаль билан битирган. Бобомнинг изидан борган. Ойим спорт билан шуғулланган, қора камар олган. Ўз карьерасини қуришни бошлаган. У нима қилса, холам буни такрорлашни истаган. Лекин нега? Ўйлайманки, сабаби – бобом бутун умр холамга гапирган “Нега опангга ўхшай олмайсан? Нега мана буни қилолмайсан? Нега яхши ўқимайсан? Нега “У” бўлолмайсан?”

Мен ўз қизларига бундай муносабат қилишни нотўғри деб биламан. Шунинг учун, бу унинг айби деб ўйлайман. Лекин факт шуки, бу унга таъсир қилган. Холам бутун умр буни эшитгани учун унда комплекс пайдо бўлган. Мана ҳозир жамғарма тузилибди. Мамлакатда ҳамма биладики, бизда жамғарма аллақачон бор эди. Журнал ҳам бор эди, у ҳам журнал чиқаряпти. Буни исботлашга ҳам ҳожат йўқ. Бутун умр ўзаро пойга бўлган. Холам ҳам нималаргадир қодир эканини кўрсатишга интилган. Ўйлашимча, нафрат шундай пайдо бўлган, чунки холам барибир ойим даражасига чиқа олмаган. Булар кейин кўпириб жисмоний муаммога айланган. Бошида бу фақат ҳиссиётлар даражасида бўлган бўлса, ҳозир бу ҳаётимизда акс этяпти. Бу адоват туфайли оилалар барбод бўляпти”, деган эди кичик Ислом Каримов.

Лола Каримова уч фарзанди ва турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда. Лола Каримова сўнгги бор отаси Ислом Каримовни хотирлаш маросимларида 2017 йилда иштирок этди. 31 август куни Оқ уй қароргоҳида ўтган маросимда Лола Каримова жияни Имон Каримова билан намоён бўлганди. Бироқ Имон Каримова холаси билан муносабатлари тикланганини рад этган.

Опа-сингилларнинг фарзандлари яқин йилларгача борди-келди қилиши маълум эмас эди. 2022 йилнинг январь ойида холаваччалар Имон Каримова ва Марям Тилляевалар орадан 8 йил ўтиб учрашди. Бу ҳақда улар ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар берганди. Учрашув олдиндан режаланмагани ва кутилмаган бўлгани уларнинг ҳаяжонидан билиниб турарди. Орадан бироз вақт ўтиб, 2023 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова набиралари билан Лондонга саёҳат қилди.

Саёҳатда собиқ биринчи хонимга Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ва ўғли Ислом Каримов, Лола Каримованинг фарзанди Марям Тилляева, шунингдек, Имон Каримова билан турмуш қуриши кутилаётган йигит ҳамроҳлик қилган.

Умуман олганда, нафақат Гулнора Каримова ва Ислом Каримов орасидаги муносабат, балки бошқа маълумотлар ҳам ҳа деганда очиқланмайди. Буни Каримованинг манзил-колонияга ўтгани ҳақидаги хабар ҳозиргача расман айтилмаётганидан ҳам билиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова манзил колония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг