Грузиядаги намойишларда 100 дан ортиқ одам қўлга олинди. Ўнлаб полициячи жароҳатланди

Олам

g6

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳри марказидаги парламент биноси олдидаги намойишда полиция 107 кишини қўлга олди. Тўқнашувлар оқибатида ўн нафар полиция ходими жароҳатланди. Улардан бири куйиш жароҳатлари билан шифохонага етказилди. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Тун бўйи намойишчилар полиция ходимларига оғзаки ва жисмоний тажовузлар уюштирди. Руставели проспектида ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар томон тошлар, пиротехника, шиша идишлар ва темир буюмлар отишди”, дейилади баёнотда. 

Вазирлик маълумотларига кўра, намойишчилар шаҳар инфратузилмасига зарар етказган, хусусан, баррикадалар қурган, парламент эшиклари ва кузатув камераларини шикастлаган ҳамда бир неча ёнғин уюштирган. Оқибатда кўпчилик намойишчилар полиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва майда безорилик учун қўлга олинган. 

“Тартибни тиклаш учун полиция махсус воситалардан фойдаланди”, дейилади хабарда.

“Rustavi2” ва “NewsGeorgia” маълумотига кўра, Тбилисида полиция қалампир гази, сув пуркагичлар ва дубинкалардан фойдаланмоқда. Айрим намойишчилар махсус техника ҳаракатини тўхтатиш учун ерга ётмоқда. Грузия Президенти Саломе Зурабишвили эса полициядан намойишчиларга нисбатан куч ишлатмасликни сўраган.

Тбилисидан ташқари Гори, Телави, Лагодехи, Кутаиси, Зугдиди ва Батуми каби бир неча шаҳарларда ҳам намойишлар давом этмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларида Бош вазир Ираклий Кобахидзе Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни 2028 йилгача тўхтатганини эълон қилганидан кейин стихияли норозилик намойишлари бошланганди. Ираклий Кохабидзенинг айтишича, мамлакат кейинги тўрт йил давомида Европа Иттифоқининг ҳар қандай бюджет грантлари ва кредитларидан бутунлай воз кечади.

Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясининг музокараларни тўхтатиш қарори “бир неча ой аввал бошланган конституциявий тўнтаришнинг якуний нуқтаси бўлди”, деб атади. У ҳам намойишчилар билан учрашиш учун майдонга чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия намойиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг