Грузияда президентлик сайловининг эҳтимолий санаси маълум қилинди
Олам
−
13 Ноябрь
3461Грузияда президентлик сайловлари, эҳтимол, 2025 йил январь ойининг бошида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе БМТнинг Бакуда бўлиб ўтаётган иқлим бўйича COP29 саммити чоғида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, “яқин вақт ичида парламент сайловлари натижалари эълон қилинади”. Кейин, Бош вазирнинг сўзларига кўра, янги парламентнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
“Бундан кейин парламент ҳаёти бошланади ва яқинда, тахминий январь ойи бошида президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Шундан сўнг президент инаугурацияси бўлади”, деди Кобахидзе.
Кобахидзенинг “Грузия орзуси” партияси ғалаба қозонгани эълон қилинган парламент сайловини қайта ўтказишга чақирган Грузия Президенти Саломе Зурабишвили эса Тбилисига келган Европа Иттифоқининг саккизта мамлакат парламент қўмиталари раҳбарлари билан қўшма матбуот анжумани ўтказди ва Грузияда овоз бериш натижаларини тан олмаслигини билдирди.
Жорий йилнинг 26 октябрда Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Унда мамлакатнинг 150 нафар депутатдан иборат олий қонун чиқарувчи органидаги ўринлар учун 20 га яқин партия курашган. 12 йил кетма-кет ҳокимиятда бўлган “Грузия орзуси” партияси 54,3% овоз билан ғалаба қозонган. Шундан сўнг бир нечта партиялар парламентга бойкот эълон қилди.
Маълумот учун, Грузия парламент бошқарув шаклига эга бўлган республика, ижро этувчи ҳокимият Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат томонидан амалга оширилади. Давлат раҳбари Президент бўлиб, уни 300 кишидан иборат сайловчилар ҳайъати сайлайди. Ушбу органнинг ярмини парламент аъзолари ташкил қилади, қолган қисмини минтақалардан келган делегатлар тақдим этади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Грузия прокуратураси парламент сайловларида 47 та жиноят ишини тергов қилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев