Грецияда мигрантлар марказидан одамлар қочиб кетди
Олам
−
15:23 449 2 дақиқа
Грециянинг Синтики ҳудудида жойлашган мигрантларни вақтинча сақлаш марказида жорий йилнинг 22 август куни кечқурун тартибсизлик юз берди. Можаро вақтида 35 нафар мигрант марказни ўраб турган панжарани кесиб, қочиб кетган. Бу ҳақда DW хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа мамлакатнинг Болгария билан чегарадош ҳудудига яқин жойда содир бўлган. Дастлаб мигрантлар ва полиция ўртасида тортишув келиб чиққан. Вазият кескинлашиб, мигрантлар ҳуқуқ-тартибот ходимларига тош отган. Шундан сўнг, марказга қўшимча полиция кучлари юборилган.
Можаро 23 август тонгигача давом этган. Тартибсизликни бостириш жараёнида полиция шовқинли гранаталардан фойдаланган. Тўқнашувлар оқибатида камида 5 нафар мигрант жароҳат олган ва тиббий ёрдам учун шифохонага олиб борилган.
Марказдан чиқиб кетган 35 кишининг 17 нафари кейинчалик полиция томонидан ушланган. Қолган 18 нафар мигрантни аниқлаш ва топиш бўйича қидирув ишлари олиб борилган.
Мазкур вақтинча жойлаштириш марказида айни пайтда бошпана сўраб мурожаат қилган 450 нафарга яқин мигрант бор. Уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёни узоқ вақтга чўзилиши мумкин.
Греция Европага боришга интилаётган мигрантлар учун асосий кириш нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, мамлакат ҳукумати бошпана бериш рад этилган мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича сиёсатини кучайтирган.
Европа Иттифоқининг Греция ва бошқа давлатлари Африка мамлакатлари билан ҳам музокаралар олиб бормоқда. Унда бошпана олиш талаби рад этилган мигрантларни жойлаштириш учун махсус марказлар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бундай режа эса халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг эътирозларига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шри-Ланка пойтахти Коломбо яқинидаги Негомбо қамоқхонасида икки гуруҳ маҳбус ўртасида юз берган тўқнашувлар оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси