Грантда ўқиган талабаларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор бўлмаган – вазирлик
Жамият
−
20 Май 2023
7822Ижтимоий тармоқларда грант асосида таҳсил олган ОТМ битирувчиларининг мажбурий тартибда камида 3 йил ишлаб бериш талаби бекор бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур талабнинг бекор бўлганига асос сифатида эса Президентнинг “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-279-сонли қарорига асосан бекор қилинган 2005 йил 2 июндаги ПҚ-92-сонли қарори келтирилган. Ушбу хабарлар бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раддия берди.
Маълум қилинишича, Президентнинг 2005 йил 2 июндаги қарори 6-бандида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тўғрисида”ги низомни ишлаб чиқиш юклатилган.
Мазкур топшириққа мувофиқ 2005 йил 7 июлдаги 58, 154-1, 19 ва 02/2658-сонли қарор билан “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида” низом тасдиқланган. Унда олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида таҳсил олиб тамомлаган битирувчиларнинг уч йил ишлаб бериш мажбурияти белгиланган.
Вазирликнинг билдиришича, давлат раҳбарининг 2022 йил 15 июндаги 279-сон қарори 3-иловасига мувофиқ Президентнинг айрим қарорлари, жумладан, 2005 йил 2 июндаги 92-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди. Аммо мазкур қарор ижросига кўра ишлаб чиқилиб, тасдиқланган Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом ўз кучини йўқотмаган.
Изоҳланишича, Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 46-моддаси биринчи қисмига кўра, “Илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан зарур ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса, ёхуд янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз ҳуқуқий аҳамиятини йўқотган бўлса, лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим”.
“Шунга кўра, ҳозирга қадар низомдаги тартиблар янги ҳуқуқий нормаларга зид эмас ва ушбу низомни ўз кучини йўқотган деб топиш бўйича қоида бирор-бир норматив ҳужжатда кўзда тутилмаган. Бундан кўринадики, олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида тамомлаган битирувчиларнинг уч йил ишлаб бериш мажбурияти ҳозирги кунда ҳам амал қилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, вазирлик томонидан барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан фақат расмий манбалар орқали эълон қилинадиган хабарларни тарқатишлари сўралган.
LiveБарчаси