Горбачёв Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан нега узр сўраганди?
Бу қизиқ
−
25 Сентябрь 2019
285821990 йилдан 1991 йилгача СССР Президенти, 1988-1990 йилларда СССР Олий Кенгаши раиси лавозимларида фаолият юритган Михаил Горбачёв ўз вақтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан узр сўрашга мажбур бўлган. Бу воқеа Шайхнинг укаси Маҳаммад Амин Муҳаммад Юсуфнинг хотиралари акс этган “Исломга бағишланган умр” китобида ёзилган.
Маълумки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 1989 йил декабрь ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланади.
1989 йил. Аввалига Озарбайжоннинг Баку шаҳрида қўзғалонлар бошланди. Бу шаҳарда Михаил Горбачёв илк бор ижтимоий норозиликни бартараф этишнинг ўта ваҳшиёна усулларни қўллаб кўрди. Фарғона ва Ўшдаги воқеалар ҳам айнан шу йилда рўй берган эди.
Ўша кезларда Олий совет раисининг ўринбосари Рафиқ Нишоновдан Фарғонада нима бўлаётгани сўралди. Бу савол берилганда аллақачон қон тўкилиб, одамлар ўлган эди. Нишонов воқеаларга беэътибор шундай жавоб беради:
“Бозорда икки киши қулупнай талашиб, жанжаллашиб қолибди”.
Хўш, воқеалар аслида қандай бўлган эди?
1989 йилнинг майида Фарғонада ўзбеклар ва месхети турклари ўртасида даҳшатли қирғинга айланган оммавий тўқнашувлар бошланиб кетди, бутун Фарғона олов ичида қолди. Зиддият тўлқини ўша кезлар республика аҳолисининг қарийб ярми яшаётган Фарғона водийсини бутунлай ўз домига олиши мумкин эди.
Муалллиф Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуфнинг “Исломга бағишланган умр” номли китобида ўша йиллардаги воқеалар қуйидагича тасвирланган:
“Халқ вакиллиги халқимизнинг бошига оғир кунлар тушганида жуда ҳам асқотган эди. Фарғона ва Ўш воқеалари пайтида Муҳаммад Содиқ ҳазратлари иттифоқнинг юқори минбаридан туриб, халқимизни ҳимоя қилиб гапирган эдилар. Фарғона воқеалари бошланган пайтда у киши, Москвада Олий Мажлисда иштирок этаётган эдилар. Ўшанда М.С.Горбачёв минбардан туриб, бу воқеаларда мусулмонларни айблаган. Эсимда, муфтий ҳазратлари (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф) Москвадан туриб қўнғироқ қилиб, менга воқеанинг аниқ тафсилотларини ўрганишни тайинладилар. Мен ҳолатни аниқ ўрганиб, бу воқеаларда Исломнинг, мусулмонларнинг ҳеч қандай айби йўқлиги хабарини етказдим. Шундан сўнг муфтий ҳазратлари яна ўша минбардан туриб, Исломни, халқимизни ҳимоя қилиб гапиргач, кейинроқ М.С.Горбачёв у кишидан узр сўраган эди. Ўшанда муфтий ҳазратлари Москвадан махсус рейс билан Фарғонага учиб келиб, воқеаларнинг янада чуқурлашувининг олдини олган эдилар.
Ўш воқеаларида ҳам бу фожианинг олдини олиш учун давлат раҳбарларига ҳолатни тўғри тушунтириб, ҳаракат қилганлар, бу ҳақида халқаро анжуманда нутқ сўзлаганлар. Кейинчалик ўша ҳолатни эсга олиб, шундай деган эдилар:
“Бу ишлар ҳеч қандай қолипга сиғмайди. Дини бир, китоби бир, Пайғамбари бир одамлар бир-бирлари билан урушиб турса, бирор нарса дейишга ҳам одам ҳижолат бўлар экансан...”
Ҳақиқатан ҳам, Ўш, Фарғона воқеалари қандай рўй берганлигига ақлинг етмайди. Миллатлараро жанжал десанг, ҳаммаси бир миллат вакиллари. Динлараро жанжал десанг, ҳаммаси бир дин вакиллари. Бу ишларда қандайдир қора кучларнинг ҳиди келиб турарди”.
Маълумот ўрнида, Фарғона ҳодисалари пайти 100 дан зиёд киши қурбон бўлган ва мингга яқин инсон жароҳатланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь