Горбачёв бугун дафн этилади. Путин маросимда қатнашадими?

Олам 7475
image
-

Бугун, 3 сентябрь куни Москвадаги Касаба уюшмалари уйида Совет Иттифоқининг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёв билан видолашув маросими бошланди.

Маросим икки соат давом этиши ва тушликгача якунланиши кутилмоқда. Залга кириш бепул. 

Маросимдан кейин Михаил Горбачёв Новодевичий қабристонига дафн этилади. 

Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, давлат раҳбари Владимир Путин иш куни тиғизлиги сабабли Михаил Горбачёв билан расмий видолашув маросимида иштирок эта олмайди. Путин 1 сентябрь куни Горбачёв вафот этган Марказий клиник шифохонага келди ва унинг тобути олдига гул қўйиб, марҳумнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.  

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев бугун Касаба уюшмалари уйига келиб, Михаил Горбачёв билан видолашди. Сиёсатчи тобут ёнига гул қўйиб, Горбачёвлар оиласи аъзоларига ҳамдардлик билдирди. 

Аввалроқ Медведев сиёсатчининг ҳамкасблари, қариндошлари ва дўстларига телеграмма йўллаб, унда Горбачёв инсоният тарихи ривожига жиддий таъсир кўрсатган ёрқин сиёсатчи, давлат ва жамоат арбоби сифатида кенг танилганини таъкидлаган эди. Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Михаил Сергеевич мамлакат тарихининг драматик даврларида жуда бошқача, баъзан ўта оғир қарорлар қабул қилган. Медведев, шунингдек, Горбачёв СССР сиёсий тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшганини ва бутун дунёда кенг кўламли ўзгаришларга асос солганини қайд этган.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан бугун Михаил Горбачёв хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун Москвага келади. Бу ҳақда “Agence France-Presse” Венгрия ҳукуматига таяниб хабар берди. 

Унга кўра, Орбан Венгрия делегацияси таркибида маросимда иштирок этади. 

Венгрия Бош вазирининг Москвага ташрифи давомидаги режалари ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Орбан ва Владимир Путиннинг учрашуви режалаштирилмаган.

Михаил Горбачёв 1931 йил 2 мартда туғилган. У 1990 йил 15 мартдан 1991 йил 25 декабргача СССРнинг биринчи ва охирги президенти бўлган. Бундан ташқари, у Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг охирги Бош котиби ва СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси лавозимларида ишлаган.

Горбачёв 1991 йил 25 декабрда СССР президенти лавозимидан истеъфога чиқди, шу билан бирга Совет Иттифоқи ўз фаолиятини тўхтатди. Горбачёв жамғармасида сақланадиган меҳнат дафтарчасида унинг давлат раҳбари лавозимини тарк этгани ҳақида ҳеч қандай қайд йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Михаил Горбачёв 30 август куни кечқурун оғир ва узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди

Горбачёв Москвадаги Новодевичий қабристонига, турмуш ўртоғи ёнига дафн этилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 188
Рейтинг: 3
t
×