Google фаол бўлмаган ҳисобларни ўчиришни бошлайди
Технология
−
08 Август 2023
3251Google камида икки йил давомида сайтда фаол бўлмаган ҳисобларни ўчириш режасини илгари сурмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳисоблар 1 декабргача ўчирилмайди, лекин Google узоқ вақт фаол бўлмаган ва ўчирилиш хавфи остидаги фойдаланувчиларга огоҳлантириш юборишни бошлайди. Бунда компания Google ҳисобларига ва электрон почта хабарларига (агар фойдаланувчи тақдим этган бўлса) бир нечта огоҳлантириш билдиришномаларини юборади ва фойдаланувчиларга ўчиришдан олдин саккиз ойлик вақт берилади.
Янги сиёсат хавфсизликка таҳдиднинг олдини олишга қаратилган. Ички маълумотлар шуни кўрсатадики, эски ҳисоблар қайта ишланган паролларга кўпроқ таянади ва икки босқичли текшириш каби замонавий хавфсизлик чораларини қўллаш эҳтимоли камроқ. Уларнинг хакерлик ҳужумлари ва спам каби муаммоларга дуч келиш эҳтимоли бирмунча баланд.
"Биз сизнинг шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилишни ва ҳатто, бизнинг хизматларимиздан фойдаланмаётган бўлсангиз ҳам, ҳисобингизга рухсатсиз киришнинг олдини олишни истаймиз", деб ёзган Google 7 августда.
Google'нинг маълум қилишича, яратилгандан кейин фойдаланувчи томонидан ҳеч қачон қайта кирилмаган ҳисоблар энг биринчи ўчирилади.
Ҳисобни сақлаб қолиш учун камида икки йилда бир марта Google ҳисобига ёки исталган Google хизматига кириш, электрон почта хабарларини ўқиш, видео томоша қилиш ёки битта қидирувни амалга ошириш кифоя.
Эслатиб ўтамиз, Google фойдаланувчиларга интернетда кераксиз шахсий расмларни назорат қилиш ва фотосуратлар қидирувларда осонгина кўринмаслигини таъминлаш учун янги махфийлик тизимини ишга туширмоқда.
LiveБарчаси