Гидлар ҳар 3 йилда малака оширади, сертификат бериш тизими жорий этилади
Жамият
−
26 Февраль 2019
8235Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Туризм соҳасида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Мазкур қарор билан, гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларга малака тоифасини жорий этиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларга малака сертификатларини бериш тўғрисидаги Низом” тасдиқланади.
Низом лойиҳаси билан қуйида танишишингиз мумкин:
Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сонли “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сонли “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни (туризмнинг фаол турлари бўйича) малака сертификатини бериш тартибини белгилайди.
1. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар ишлатилади:
талабгор ― малака сертификатини олишга талабгор бўлган жисмоний шахс;
малака имтиҳони ― гид, экскурсия етакчиси, йўриқчи-кузатувчига қўйилган талабларга талабгорнинг мос келишини текширишга йўналтирилган, малака имтиҳони комиссияси томонидан ўтказиладиган имтиҳон;
малака сертификати ― гид, экскурсия етакчиси, йўриқчи-кузатувчининг малакасини тасдиқловчи ҳужжат.
2. Малака сертификати жисмоний шахсга қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини беради:
юридик шахс штатида бўлса;
фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида юридик шахс билан ишлаётган бўлса;
якка тартибдаги тадбиркор бўлса.
3. Малака сертификати талабгорга малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) томонидан берилади.
4. Малака имтиҳони Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи хизматларини амалга оширмоқчи бўлган талабгорларнинг билим ва кўникмаларини текшириш воситаси ҳисобланади.
5. Мазкур Низомда белгиланган малакавий талабларга жавоб берадиган талабгорларга малака имтиҳонни топширишларига рухсат этилади.
6. Малака сертификатини бериш (расмийлаштириш), амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш ҳамда дубликат бериш бўйича мазкур Низомда белгиланган миқдорда талабгордан йиғим ундирилади.
7. Малака имтиҳонини ўтказиш ва малака сертификатини бериш Қўмита қошидаги «Туризм ўқув-консалтинг маркази» Давлат унитар корхонаси (бундан буён матнда Ишчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
8. Олий таълим муассасалари қошидаги давлат унитар корхоналари, лицензия асосида фаолият юритувчи нодавлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар (бундан буён матнда Ўқув марказлари деб юритилади) гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлашлари ва малакаларини ошириши ҳамда мазкур Низомнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ қайта тайёрлаш тўғрисидаги гувоҳнома ва малака ошириш тўғрисидаги сертификатни беришлари мумкин. Бунда:
гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режа ва дастурлари бир ҳафта муддатда ўрнатилган тартибда Ишчи орган билан келишилади ва Қўмита раиси томонидан тасдиқланади;
гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш билан шуғулланувчи Ўқув марказлари профессор-ўқитувчилар ва мураббийларининг касб ҳамда малака даражалари ўрнатилган тартибда Ишчи орган билан келишилади.
9. Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи Қўмита томонидан тасдиқланадиган 72 соат ҳажмдан кам бўлмаган малака ошириш дастурлари бўйича ҳар уч йилда малака ошириш курсларини ўтиши шарт.
2. Талабгорга қўйиладиган малака талаблари
10. Малака имтиҳонини топшириш учун талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
а) Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлиши;
б) Олий ёки ўрта махсус касб-ҳунар маълумоти ҳақидаги дипломга эга бўлиши;
в) Ишчи орган ёки унинг филиаллари ва Ўқув марказларида гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши.
11. Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи мутахассислиги бўйича олий ёки ўрта махсус касб-ҳунар таълими дипломига эга бўлганлар олий тоифа олиш учун малака имтиҳонларида қатнашиш ҳуқуқига эга.
12. Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларга мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ малака тоифалари берилади.
3. Малака имтиҳонини топшириш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
13. Талабгор малака имтиҳонини топшириш учун Ишчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисидаги ариза;
б) олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумоти ҳақидаги диплом ёҳуд ваколатли давлат органининг хорижий таълим муассасасида олинган ҳужжатнинг нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) гувоҳномасининг нусхаси;
в) икки дона фотосурат (3х4 ҳажмда);
г) гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларни қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги амалдаги гувоҳнома ҳамда малака ошириш сертификати нусхалари;
д) малака сертификатини олиш (расмийлаштириш) учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдоридаги йиғимни амалга оширганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати;
е) паспорт нусхаси;
ж) 086 шаклидаги тиббий маълумотнома (йўриқчи-кузатувчи учун);
з) мавжуд ҳолларда тегишли идоралар томонидан берилган спорт бўйича эришган ютуқлари ва разрядларини тасдиқловчи ҳужжатлар (йўриқчи-кузатувчи учун).
14. Мазкур Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан Ишчи органга шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари орқали уларни олинганлигини тасдиқловчи хабарнома билан бирга топширилади. Тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.
4. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рад этиш қарорларини қабул қилиш тартиби
15. Ишчи орган ариза тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида талабгорнинг малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
16. Ишчи орган қуйидаги асосларга кўра малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этади:
а) талабгор мазкур Низомнинг 10-банди талабларига жавоб бермаганда;
б) мазкур Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этганда.
17. Талабгорни бошқа асосларга кўра малака имтиҳонини топширишни рад этишга йўл қўйилмайди.
18. Талабгорнинг малака имтиҳонини топшириши рад этилган тақдирда Ишчи орган томонидан тегишли қарор қабул қилинади ва талабгорга рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда, қабул қилинган қарор ҳақида уч иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда хабар юборилади.
19. Талабгор малака имтиҳонини топширишга рухсат беришнинг рад этилишига бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейингина қайта ариза бериши мумкин.
20. Талабгорнинг малака имтиҳонини топширишига рухсат бериш юзасидан қарор қабул қилинганида у малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган шахслар рўйхатига киритилади ва рўйхат малака имтиҳони бошланишидан олдин малака имтиҳони комиссиясига топширилади.
5. Малака имтиҳонини топшириш тартиби
21. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорлар уни ўтказиш санаси, вақти ва жойи ҳақида малака имтиҳони ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин почта ёки электрон алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.
22. Малака имтиҳонини ўтказиш тўғрисидаги маълумот, уни ўтказиш ҳақидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб икки иш кундан кечиктирмай Ишчи орган ва Қўмитанинг веб-сайтларида жойлаштирилади.
23. Талабгорни малака имтиҳонидан ўтказиш учун камида беш кишидан иборат таркибда малака имтиҳони комиссиси тузилади. Малака имтиҳони комиссияси таркибига Қўмитанинг ва Ишчи орган ҳамда манфаатдор идоралар билан келишилган ҳолда – Фанлар Академияси, олий таълим муассасаларининг вакиллари, зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар киритилади. Қўмитанинг ваколатли вакили малака имтиҳони комиссияси раиси этиб тайинланади.
24. Малака имтиҳони комиссияси таркиби ҳар бир малака имтиҳони учун алоҳида тузилади ва доимий ҳисобланмайди.
25. Талабгорлар паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат тақдим этган тақдирда малака имтиҳонини топширишга киритилади.
26. Ҳужжатлари имтиҳондан ўтишга тақдим этилган ҳамда узрли сабабга кўра келмаган талабгорлар малака имтиҳони комиссиясининг кейинги навбатдаги мажлисида имтиҳондан ўтказилади.
27.Узрли сабабларга кўра келмаган талабгордан малака сертификатини олиш учун қайта йиғим талаб этилмайди.
28. Имтиҳонга такроран келинмаган тақдирда малака имтиҳони комиссияси томонидан талабгорни имтиҳондан ўтмаган деб ҳисоблаш ҳақидаги қарор чиқаришга ҳақли.
29. Малака имтиҳони икки босқичда ўтказилади:
1-босқич: компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган тест синовлари;
2-босқич: оғзаки суҳбат (фақатгина малака имтиҳонида илк маротаба иштирок этаётган гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчилар учун).
30. Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга (овозли) туширилиши мумкин.
31. Ҳар иккала босқичдаги малака имтиҳонини бир кунда ўтказилишига йўл қўйилмайди.
32. Малака имтиҳони гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчилар учун алоҳида гуруҳларда ўтказилади.
33. Тестлар, оғзаки суҳбат учун саволлар ҳамда тўғри жавоблар тўплами манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўқув режа ва дастурлар асосида Ишчи орган томонидан ишлаб чиқилади.
34. Тест саволлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда янгилаб борилади.
35. Тест синовлари ўқув режа дастурларнинг барча бўлимларини ўз ичига олган ҳолда, камида 100 та саволлардан иборат бўлади.
36. Талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун 3 соат вақт тақдим этилади.
37.Талабгорнинг тўғри жавоблар бўйича якуний натижаси 70 фоиз ва ундан юқори кўрсаткични ташкил қилган бўлса, у малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.
38. Амалдаги гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчилар ҳамда талабгорлар учун тест синовлари, Ишчи орган веб-сайти орқали онлайн режимда ҳам ўтказилиши мумкин.
39. Тест синови натижалари салбий деб топилган тақдирда, талабгорга оғзаки суҳбатдан ўтишга рухсат берилмайди.
40. Тест синови натижалари ижобий деб топилган талабгорларга оғзаки суҳбатдан ўтишга рухсат берилади ҳамда суҳбат ўтказиладиган жойи, сана ва вақти ҳақида суҳбат ўтказишидан 5 кун олдин хабар берилади.
41. Оғзаки суҳбат талабгор аризасида кўрсатилган (ўзбек ёки рус) тилда олиб борилади.
42. Малака имтиҳони ўтказилаётган пайтда талабгорнинг қонун ҳужжатлари, йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан, уяли телефондан фойдаланиш, бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиши таъқиқланади.
43.Ушбу талабларни бузган талабгорлар аудиториядан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади.
44.Талабгорга ўзи билан бирга ичимлик суви, дори ва малака имтиҳонини топшириш учун зарур бўлган бошқа воситалар (кўзойнак, линзалар) бўлишига рухсат этилади.
45. Бегона шахсларнинг тест синовлари ўтказилаётган хонага киритилишига йўл қўйилмайди.
46. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор, малака имтиҳонини топширган санадан камида бир ой ўтгандан сўнг малака имтиҳонини қайта топшириш учун ариза тақдим қилиши мумкин.
47. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорларга йиғим қайтарилмайди.
48. Малака имтиҳони натижалари малака имтиҳони ўтказилган куни малака имтиҳони комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади.
49. Малака имтиҳон натижалари Ишчи органнинг расмий веб-сайтида малака имтиҳони ўтказилганидан сўнг икки кундан кечикмай эълон қилинади.
50. Малака имтиҳони комиссияси қарорлари баённомалар билан имтиҳон ўтказилган куни расмийлаштирилади ва малака имтиҳон комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ҳамда комиссия аъзолари томонидан имзоланади. Малака имтиҳони комиссиясининг баённомалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ишчи органда сақланади.
51. Малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорга, мазкур Низомнинг
5-иловасига мувофиқ малака сертификати ва 6-иловасига мувофиқ идентификация картаси (бундан буён – бейджик деб юритилади) Ишчи орган томонидан берилади.
6. Апелляцияларни кўриб чиқиш
52. Малака имтиҳони натижаларига кўра имтиҳондан ўта олмаган талабгорлар, малака имтиҳони натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 3 кун муддат ичида Ишчи органга апелляция тақдим этиш ҳуқуқига эга.
53. Апелляция ёзма равишда тақдим қилинади.
54. Ишчи орган 5 иш куни ичида тақдим этилган апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда аризачига хабар беради.
55. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
малака имтиҳон комиссияси қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш;
имтиҳон комиссияси қарорини бекор қилиш ва такрорий малака имтиҳонини белгилаш.
56. Ишчи орган томонидан малака имтиҳонини топширмаган деб тан олинган талабгор учун малака имтиҳонини такрорий топширилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, такрорий имтиҳон куни белгиланади.
7. Малака сертификатини бериш, амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш ва дубликат бериш тартиби
57. Малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида бир хил юридик кучга эга.
58. Малака сертификати 3 йил муддатга берилади.
59. Олий тоифа учун малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчиларга малака сертификатлари амал қилиш муддатисиз берилади.
60. Малака сертификати Ишчи орган томонидан малака имтиҳони комиссияси баённомалари расмийлаштирилганидан кейин 10 кун муддатда расмийлаштирилади ва гид, экскурсия етакчиси, йўриқчи-кузатувчига ёки ишончнома асосида уларнинг вакилига гид, экскурсия етакчиси, йўриқчи-кузатувчилар реестрига имзо қўйилгач берилади.
61. Агар талабгор малака сертификатини расмийлаштирилган кунидан бошлаб уч ой давомида уни олишга келмаса ёки уни олишдан ёзма равишда ихтиёрий тартибда бош тортса Ишчи орган малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бунда талабгор томонидан тўланган йиғим қайтарилмайди.
62. Малака сертификати эгаси, малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашидан бир ой олдин, лекин 2 ойдан кўп бўлмаган муддатда, сертификатни амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Ишчи органга тақдим этади:
а) Мазкур Низомнинг 7-иловасида келтирилган шаклдаги ариза;
б) малака сертификатининг асл нусхаси ва Ишчи орган ва Ўқув марказлари томонидан берилган малака ошириш курсларида ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусҳаси;
в) малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтирилиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдоридаги йиғимни тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлови ҳужжати.
63. Малака сертификатининг амал қилиш муддатининг узайтирилиши, 62-бандда кўрсатилган талабларга амал қилган ва сертификат эгаси томонидан малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда умумий асосларга кўра амалга оширилади.
64. Малака сертификати эгасининг фамилияси, исми, шарифи ўзгарган тақдирда, у тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар берилган санадан сўнг бир ой ичида Ишчи органга мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклда малака сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Бунда аризага қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган малака сертификатининг асл нусхаси билан бирга иккита фотосурат (3 х 4 ҳажмдаги) ва тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.
65. Малака сертификатининг қайта расмийлаштирилиши гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи томонидан ариза берилган пайтдан бошлаб беш иш куни мобайнида амалга оширилади, бунда аввалги рақам ва илгари белгиланган амал қилиш муддати кўрсатилган малака сертификатининг янги бланкаси берилади, илгари берилган малака сертификат бланкаси Ишчи орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилинади.
66. Малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
67. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган малака сертификати бланки ўрнига, мазкур Низомнинг 7-иловасига мувофиқ шаклда дубликат бериш ҳақидаги аризага асосан малака сертификати эгасига такроран берилиши мумкин.
68. Малака сертификатининг дубликатида унинг аввалги қайд этилган рақами ва илгари белгиланган амал қилиш муддати ёзилади, янги бланканинг юқоридаги бурчагида «Дубликат» ёзуви кўрсатилган бўлиши керак.
69. Яроқсиз ҳолга келган малака сертификати Ишчи органга қайтарилиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилиниши лозим.
70. Дубликат беришда гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчидан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
8. Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш тартиби
71. Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
гид, экскурсия етакчиси, йўриқчи-кузатувчининг аризаси;
ваколатли давлат органлари томонидан малака сертификати ёки бейджикнинг бошқа шахсга экскурсия фаолиятини амалга ошириш мақсадида берилганлиги аниқланса;
жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан экскурсия хизмати сифатига нисбатан 2 тадан ортиқ шикоят Ишчи орган томонидан асосли деб эътироф этилса.
72. Малака сертификати амал қилишининг тўхталиши тўғрисидаги қарор қабул қилинган кунидан бошлаб кучга киради.
73. Малака сертификати Ишчи орган қарори билан қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
суд томонидан малака сертификати берилиши ҳақидаги қарорнинг ноқонуний деб топилганида;
сертификатнинг сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганида.
74. Малака сертификатининг бекор қилиниши ҳақидаги қарор мазкур қарор қабул қилинган санадан бошлаб кучга киради.
75. Малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят этилиши мумкин.
76. Малака сертификати амал қилинишининг тугатилиши ёки бекор қилиниши учун асослар аниқланган тақдирда, Ишчи орган тегишли қарор қабул қилади.
77. Малака сертификати амал қилинишининг тугатилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор асослантирилган бўлиши, Ишчи орган ва Қўмита расмий сайтларида эълон қилиниши лозим.
78. Ишчи орган томонидан малака сертификатини амал қилишининг тугатилиши ёки бекор қилиниши тўғрисидаги қабул қилинган қарор 5 кун ичида малака сертификати эгасига ва сертификат эгаси фаолиятини амалга ошираётган юридик шахсга жўнатилади.
79. Гид, экскурсия етакчиси, йўриқчи-кузатувчилар малака сертификатини амал қилишининг тугатилиши ёки бекор қилиниши тўғрисидаги қарорни олган кунидан бошлаб, 10 кун муддат ичида Ишчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилиниши учун тақдим этилиши шарт.
80. Йўл қўйилган қонунбузарликлар сабабли малака сертификатининг амал қилиш муддати тугатилган ёки бекор қилинган кундан бошлаб, гид, экскурсия етакчиси, йўриқчи-кузатувчиларга такроран малака сертификатини олишлари учун малака имтиҳонларини топширишларига уч йилгача рухсат этилмайди.
9. Гидлар, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчилар реестрини юритиш
81. Ишчи орган бўлган гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчилар реестрини юритади, бунда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
Гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчининг фамилияси, исми, шарифи ва имзоси;
паспорт маълумотлари ва яшаш манзили;
гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи биладиган хорижий тиллар;
экскурсия фаолиятини амалга оширилаётган ҳудудлар (вилоятлар, шаҳарлар);
иш жойи ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва сертификат;
малака сертификати амал қилишининг тугаганлиги, бекор қилинганлиги, қайта расмийлаштирилганлиги ва дубликат берилганлиги ҳақида маълумот.
82. Қўмита ва Ишчи орган вебсайтларида гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчилар реестридаги қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи фамилияси, исми, шарифи;
гид, экскурсия етакчиси ва йўриқчи-кузатувчи биладиган хорижий тиллар;
экскурсия фаолиятини амалга оширилаётган ҳудудлар (вилоятлар, шаҳарлар)
қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тугатганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва сертификат;
малака сертификати рақами, берилган санаси;
якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами (мавжуд ҳолларда);
малака сертификати амал қилишининг тугаганлиги, бекор қилинганлиги ва дубликат берилганлиги тўғрисида маълумот.
10-боб.Қарорларни қайта кўриб чиқиш
83. Ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бузилиши ҳолатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
84. Малака сертификатининг берилиши, амал қилиш муддатининг тугатилиши ва бекор қилиниши масалалари бўйича Қўмита қарори, манфаатдор шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қайта кўрилиши мумкин.
LiveБарчаси