Германия ва АҚШ Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббусини блоклайди – “Bild”
Олам
−
10 Июль 2023
6381Германия ва АҚШ жорий йилнинг 11 июль куни Литванинг Вильнюс шаҳрида бошланадиган НАТО саммитида Украинанинг альянсга аъзо бўлиш ташаббусини блоклашга ҳаракат қилади. Бу ҳақда Германиянинг “Bild” нашри хабар берди.
“АҚШ ва Германия Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги расмий аризасига тўсқинлик қилаётганини тасдиқлай оламан”, дея юқори доиралардаги манбасидан иқтибос келтирган нашр.
Таъкидланишича, иккала давлат ҳам Украина етакчиси Владимир Зеленскийнинг Вильнюсдаги саммитда ҳарбий блокка қўшилиш ҳақидаги илтимосини рад қилишни истаяпти. Нашрга кўра, Берлин ва Вашингтоннинг бу бўйича мақсади бир. Шунингдек, ушбу икки давлат альянснинг қолган аъзоларига ҳам Украинани иттифоққа қўшмаслик бўйича босим ўтказиши айтилган.
Украина оммавий ахборот воситаларига кўра, Зеленский мамлакатини НАТОга қўшиш режасига эришиш бўйича аниқ мақсад билан Вильнюсдаги саммитга боради.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги ҳафтада Украина Президенти Владимир Зеленский Вильнюс саммитида Украинанинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлашга ундаш мақсадида альянсга аъзо бир нечта давлатга ташриф буюрди. Чунки ушбу ташкилотда бирор қарор қабул қилиш учун унинг барча аъзолари бир овоздан рози бўлиши – консенсусга келиши талаб этилади.
Зеленскийнинг Болгария, Чехия, Словакия ва Туркияга амалга оширган сафари бежиз кетмади. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина НАТОга аъзо бўлишга ҳақли эканини айтган бўлса, Португалия Украина раҳбари билан мамлакатнинг альянсга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш бўйича декларация тузди.
Шунга қарамай, АҚШ ва Германия Украинанинг Россия билан можаро якунига етмасидан аввал НАТОга қўшилишини ёқламаяпти. Чунки унинг ҳозир Шимолий Атлантика альянсига қўшилиши ташкилотнинг Россия билан бевосита тўқнашишига олиб келади. Бу ҳолатда Украина ҳудудига қилинган ҳужум бутун НАТОга қарши таҳдид сифатида баҳоланади. Бу эса НАТО ва Россия ўртасида муқаррар уруш дегани.