Германия суди Алишер Усмонов фойдасига қарор чиқарди
Олам
−
01 Ноябрь 2023
9195Германиянинг Франкфурт-Майн суди Бош прокуратура томонидан Алишер Усмоновга қарши тергов ҳаракатлари доирасида Германияда олиб қўйилган ҳужжатлар ва мол-мулкнинг сақланишини ноқонуний деб топди ва уларни эгаларига қайтаришни буюрди. Бу ҳақда ТАСС Алишер Усмоновнинг матбуот хизматига таяниб хабар берди.
2022 йилнинг кузида Германия прокуратураси ва Федерал жиноят полицияси идораси Роттах-Эгерн шаҳрида, Гамбургдаги Дилбар яхтасида, шунингдек, Усмоновнинг дўсти оиласининг Франкфурт-Майн яқинидаги кичкина квартирасида тинтув ўтказди. 2023 йил май ойида Франкфурт-на-Майн минтақавий суди прокуратура ва полиция томонидан пул ювиш бўйича терговда қўлланган тўртта тинтув буйруғини ноқонуний деб топди. Усмоновнинг адвокатлари тинтув чоғида олиб қўйилган ҳужжатлар ва мол-мулкдан прокуратурага фойдаланишни тўхтатиш ҳамда уларни эгаларига қайтариш бўйича аризалар киритган.
“2023 йил 26 октябрь куни Франкфурт-Майн туман суди томонидан ушбу талаблар қаноатлантирилди. Шу тариқа, Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган мол-мулкнинг сақланиши ноқонуний эканлиги, унга чек қўйилиши ва тегишли ашёлар сўнгги маълум эгаларига қайтарилиши кераклиги аниқланди”, дея хабар берган тадбиркорнинг матбуот хизмати.
Суднинг билдиришича, Усмонов ҳали ҳам ҳуқуқий ҳимояга муҳтож, чунки Франкфурт-Майн бош прокуратураси қидирув эълонларини ноқонуний деб тан олганига қарамай, ҳибсга олинган мулкни ўз мақсадлари учун сақлаб қолишда давом этмоқда.
Усмоновнинг ҳимояси вакиллари унинг таъқиб қилинишини асоссиз ва сиёсий сабабларга кўра, деб атаган ва Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўплаб қонунбузарликларга ишора қилган.
“Хусусан, суд ноқонуний деб топган тинтувлар чоғида олиб қўйилган мол-мулкни прокуратура томонидан сақлаб қолиниши, ушбу суд қарорининг қонуний равшанлигига қарамай, атайлаб қилинганлиги аниқ”, дейди Усмонов матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойи бошида Германия полицияси ва божхона ходимлари Мюнхен ва Тегернзе шаҳарларида Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Европа санкциялари остида қолган миллиардер Алишер Усмоновга тегишли бўлган бир қанча мулкларни тинтув қилди. Германия божхона органлари томонидан санкциялар бўйича тузилган “Матрёшка” махсус комиссияси тинтувлар суд қарори асосида ўтказилганини маълум қилган.