Германия Президенти Хива шаҳрида бўлди
Жамият
−
30 Май 2019
5883Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер рафиқаси ҳамроҳлигида Хива шаҳрининг тарихий маркази – “Ичан қалъа”га ташриф буюрди.
Қадимий мажмуа кўп асрлик тарихга эга. Бу ердаги дунё меъморлигининг ноёб анъаналарини ўзида акс эттирган кўплаб обидалар шаҳарнинг асрий ривожланиш тарихидан ҳикоя қилади.
Меҳмонлар Кўҳна арк, Паҳлавон Маҳмуд мажмуалари, Қози Калон мадрасаси, Калта минор ёдгорлиги ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Меъморий ечимига кўра ўзига хос Муҳаммад Аминхон мадрасаси ва унинг пештоқида қад ростлаган, қуриб битказилмай қолган бўлса-да, шоирлар байтларида “Фалак айвонига қўйилган устун” дея таърифланган минора тарихи, бинонинг улуғворлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Муҳаммад Аминхон минораси ўзига хос усулда, қуёш нурлари тушуши ва ботиши ҳисобга олинган ҳолда қурилгани боис кошинлардаги ранглар ўзгармайди. Кўк, яшил, нилий ранглар уйғунлигидан самарали фойдаланилган минора инсон кўз ўнгида ёрқин ва сержило рангларда намоён бўлади.
Хива асрлар оша нафақат савдо-сотиқ, балки маданиятлар ва динлараро бағрикенглик маркази ҳам бўлиб келган. Буни XIX аср Хоразм тарихидан муносиб ўрин олган немис меннонитлари турмуш тарзи, уларнинг маҳаллий аҳоли билан тинч-тотув кечирган ҳаёти ҳам тасдиқлайди.
Тақдир тақозоси билан Туркистон ўлкасига келиб қолган немис меннонитлари Хоразмда қўним топади. Улар яшаган Оқмачитдаги Европа типидаги немис шаҳарчаси ҳунармандлик ва савдо-сотиқ маркази сифатида равнақ топди.
Ушбу тарихий алоқалар ва хотиралар бугун “Ичан қалъа” ҳудудида ташкил этилган музей мисолида хоразмликлар хотирасида сақланмоқда.
Германия делегацияси “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасида ташкил этилган “Оқмасжидлик меннонитлар” музейида ҳам бўлиб, мажмуанинг яратилиш тарихи билан танишди.
Меҳмонларга XIX асрнинг 90-йилларида Хива хонлиги ҳудудида яшаб ўтган немис меннонитлари турмуш тарзи ва хонлик ҳаётидаги иштироки ҳақида сўзлаб берилди.
Хива тарихий обидаларидаги аксарият нақшлар бир-бирини такрорламайди. Ягона композиция ҳосил қилган тасвирлар неча минг йиллик тарихга эга кўҳна кентда қарор топган халқлараро биродарлик, ягона оила ва умумий келажак қуришдек эзгу интилишларни акс эттиради.
Моҳир уста ва дурадгор немис меннонитлари ҳам шаҳардаги ана шундай бунёдкорлик ишларига катта ҳисса қўшган. Хивага кўчиб келган немис хўжаликларининг шаҳардаги Қўша дарвоза, европа услуби билан маҳаллий архитектуранинг уйғунлашиб кетиши натижасида бунёд этилган почта-телеграф, касалхона, Қибла Тозабоғ ва Исфандиёрхоннинг расмий қабулхонаси қурилишида фаол иштирок этгани тарихий ҳужжатларда битилган.
Музейдан жой олган экспонатлар Хива хонлигида қисқа давр яшаб, хиваликлар қалбида яхши таассурот қолдирган немис меннонитлари тарихи, уларнинг моҳир ҳунармандлиги ва чин инсоний хислатлари, бошқа дин вакилларининг қардошлиги мавзулари ҳақида ҳикоя қилади.
“Ўзбекистон бетакрор диёр. Қадим Хива мисолида бу заминнинг асрий урф-одатлари, меҳмондўст халқи ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлдик. Немис меннонитларининг бу ерда ҳаёт кечиришлари учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб беришди. Ўша кезларда турли миллат, дин ва ҳаёт тарзига эга инсонларнинг тотувликда ҳаёт кечиргани бугунги кунда ҳам халқларимиз табиатида устун бўлган биродарлик фазилатининг ёрқин мисолидир”, деди Франк-Вальтер Штайнмайер.
LiveБарчаси