Германия, Франция ва Британия Ғазога ёрдам етказишни қайта тиклашга чақирди
Олам
−
23 Апрель
1450Германия, Франция ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнотда Исроилни зудлик билан блокадани бекор қилишга ва Ғазога гуманитар ёрдам етказиб беришни қайта тиклашга чақирди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу баёнот Исроилнинг ҲАМАС билан келишуви бузилгани сабабли минтақага ёрдам олиб киришни бутунлай тўхтатганидан 50 кун ўтиб эълон қилинган.
“Гуманитар ёрдам ҳеч қачон сиёсий восита сифатида ишлатилмаслиги керак. Исроил БМТ ва гуманитар ташкилотларга Ғазонинг бутун ҳудудида хавфсиз ишлаш учун тўсиқсиз киришни таъминлаши керак”, дейилади баёнотда.
Европа дипломатлари, шунингдек, ҲАМАСни ўз мақсадлари йўлида гуманитар ёрдамдан фойдаланганлиги учун қоралаган.
“ҲАМАС ўз молиявий манфаати учун ёрдамни қайта йўналтирмаслиги ёки фуқаролик инфратузилмасидан ҳарбий мақсадларда фойдаланмаслиги керак”, дея қўшимча қилинган баёнотда.
Вазирлар Исроилни Ғазодаги тинч аҳолини ҳимоя қилишни кучайтиришга, ҲАМАСни эса гаровга олинган 59 кишини зудлик билан озод қилишга чақирган. Улар, шунингдек, иккала томонни ҳам ярашув столига қайтишга чорлаган.
Баёнотда Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац урушдан кейин Ғазода қолиш режалари ҳақидаги фикрлари учун танқид қилинган.
Маълумот учун, Кац Исроил ҲАМАС назоратини истисно қиладиган механизм яратилмагунча ёрдамни ўтказиб юбормаслигини айтган эди. Шунингдек, у ҳарбий куч Исроил жамоаларини ҳимоя қилиш учун Ғазонинг буфер ҳудудларида қолишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги музокараларда воситачилик қилаётган Миср ва Қатар ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш бўйича янги таклифни илгари сурганди. Ушбу режа беш йилдан етти йилгача сулҳ тузишни, барча исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбуслар эвазига озод қилишни назарда тутади. Шунингдек, режага кўра, уруш расман тўхтатилади ва Исроил анклавдан тўлиқ чиқади. Қолаверса, Франция Президенти Эммануэль Макрон июнь ойида ўзи ҳамраислик қиладиган икки давлат ечими бўйича халқаро конференция доирасида Франция Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини айтганди. Президентнинг айтишича, конференция Фаластинни тан олиш масаласини ҳал қилишни режалаштирмоқда.
LiveБарчаси