Исроил ва ҲАМАСга узоқ муддатли сулҳ таклиф қилинди
Олам
−
22 Апрель 4126 2 дақиқа
Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги музокараларда воситачилик қилаётган Миср ва Қатар ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш бўйича янги таклифни илгари сурди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу режа беш йилдан етти йилгача сулҳ тузишни, барча исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбуслар эвазига озод қилишни назарда тутади. Шунингдек, режага кўра, уруш расман тўхтатилади ва Исроил анклавдан тўлиқ чиқади.
Қатар ОАВга кўра, жорий йилнинг 20 апрель куни Исроил воситачилар билан музокаралар олиб бориш ва ҲАМАС билан музокараларда муваффақиятга эришиш учун Қоҳирага борган, лекин Исроил томони ҳали воситачилар режасига изоҳ бермаган.
Музокаралар жараёнидан хабардор фаластинлик амалдорнинг BBCʼга айтишича, ҲАМАС Ғазо бошқарувини “миллий ва минтақавий даражада” ҳар қандай Фаластин ташкилотига топширишга тайёрлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, бу Ғарбий соҳилда фаолият юритаётган Фаластин маъмурияти ёки янги ташкил этилган маъмурий орган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида Исроил ва ҲАМАС Миср, Қатар ҳамда АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолаган эди. Бироқ Исроил 18 март куни Ғазо секторига зарбалар беришни қайта бошлади. Ушбу қарор ҲАМАС Исроил асирларини озод қилишдан бир неча бор бош тортгани ва барча таклифларни рад этгани сабабли қабул қилингани билан изоҳланди.
20 март куни эса Исроил Ғазо секторининг маркази ва жанубида қуруқликдаги ҳарбий операцияларни ҳам қайта бошлади. Армиянинг асосий вазифалари сифатида “хавфсизлик ҳудудини кенгайтириш” ва “эксклавнинг шимоли ва жанубида қисман буфер зонасини яратиш” қайд этилган. Бундан ташқари, армия “Жўлон” бригадасини Исроил жанубига жойлаштиришга қарор қилган. Ҳарбийлар “Ғазо секторидаги операциялар учун тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатида” қолиши маълум қилинган.