Германия АҚШдан 15 та қирувчи самолёт сотиб олмоқчи

Олам

image

Германия Мудофаа вазирлиги ядровий тўхтатиш мақсадида фойдаланиш учун АҚШда ишлаб чиқарилган қўшимча 15 та F-35 қирувчи самолётини харид қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазирликка таяниб, “Spiegel” нашри хабар берди.

“Мудофаа вазири Борис Писториус АҚШда ишлаб чиқарилган яна 15 та F-35 қирувчисига буюртма беришни режалаштирмоқда”, деб ёзади нашр Бундестаг бюджет қўмитасига тақдим этилган мудофаа вазирлиги ҳужжатларига асосланиб.

Lockheed Martin компанияси билан шартнома асосида буюртманинг умумий қиймати 2,5 миллиард еврони ташкил этади. Бунгача вазирлик ушбу турдаги 35 та самолётга буюртма берган. Уларнинг дастлабкилари 2027 йилда Германия Қуролли кучлари ихтиёрига топширилиши кутилмоқда.

F-35 самолётлари эскирган Торнадо қирувчиларининг ўрнини эгаллайди. Уларнинг асосий вазифаси – Германияда жойлаштирилган АҚШнинг ядровий жанговар каллакларини ташиш ва ядровий тўхтатишни таъминлаш.

“Spiegel”нинг хавфсизлик доираларидаги манбаларга таяниб ёзишича, НАТОнинг янги талабларини бажариш учун Бундесвер авиация паркини кенгайтириши керак бўлади. Чунки Германия аввалроқ 20 та Eurofighter туридаги қирувчи буюртма қилган ва бешинчи авлод самолётларини жойлаштириш учун келгусида яна бир авиабаза зарур бўлиши мумкин.

Нашр маълумотларига кўра, ҳозирда Торнадо самолётлари ва АҚШ ядровий ўқ-дорилари жойлашган Бюхель авиабазасини модернизация қилиш жараёни жуда мураккаб кечмоқда. Оқибатда харажатлар дастлаб режалаштирилган 700 миллион евродан 2 миллиард еврога қадар ошган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезия Мудофаа вазири Шафри Шамсуддин Жакартада журналистлар билан суҳбатда армияни модернизация қилиш режаси доирасида тез орада Хитойдан 42 та Chengdu J-10C қирувчи самолётларини сотиб олинишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия F-35 Торнадо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг