Ғазога биринчи гуманитар ёрдам карвони етиб борди
Олам
−
22 Октябрь 2023
11265Кеча, 21 октябрь куни 20 та юк машинасидан иборат гуманитар карвон Рафаҳ назорат пункти орқали Ғазо секторига жўнаб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ахборот хизматининг маълум қилишича, ғазоликлар учун асосий озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлардан иборат гуманитар ёрдам манзилга мувафаққиятли етиб борган.
Маълум қилинишича, UNICEF болалар ташкилоти юкнинг бир қисми сифатида 44 минг шишадан ортиқ ичимлик суви (бу 1 кунга атиги 22 минг кишига етади) етказиб берган. Товарлар БМТ кўмагида Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти ходимлари томонидан қабул қилиб олинган.
БМТнинг Фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитсга кўра, биринчи ёрдам етказилиши Ғазо аҳолисини озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва ёқилғи каби зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш учун доимий ва хавфсиз йўл очилишига имкон беради. Бироқ ҳозирча Исроил ёқилғи етказиб беришга рухсат бермаяпти.
“Биринчи сув захиралари чекланган миқдорда бўлса ҳам, ҳаётни сақлаб қолади, аммо сувга, озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон, зарур товарлар ва хизматларга бўлган эҳтиёж жуда катта. Агар биз инсонпарварлик ёрдамини таъминлай олмасак, ҳаётга хавф туғдирувчи касалликлар тарқалишининг ҳақиқий таҳдидига дуч келамиз”, дейди UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси