Хавотирдаги Ўзбекистон, Эронга ҳужум, дунёни тебратаётган террор хавфи, Ақтўбедан ўлиги қайтганлар, мағлуб бўлган Эрдўған – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
06 Апрель
14870Тошкентда нон нархи ошди, 2800 сўмдан сотиб келинаётган “буханка” 200 сўмга қимматлаб, энди 3000 минг сўмни ташкил этяпти. Ўлганни устига тепгандек, ёз келаётганда 2 апрелдан пойтахтда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари учун тарифлар 15 фоизга кўтарилди. Шу воқеалар фонида эса 2023 йилнинг мартидан буён Тошкентни вақтинча бошқариб келаётган Шавкат Умурзоқов ҳокимлик лавозимидаги ўрнини мустаҳкамлаб олди, у энди Тошкентнинг чин ҳокими. Автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш эса бирданига 68 бараварга қимматлади.Рўзғор, оила, бола-чақа ташвиши билан ўзга юртга отланган ўзбекистонликларнинг эса уйига ўлиги қайтди. Улар 8 нафар. Россиядаги мигрантларга нисбатан муносабат эса кун сайин ёмонлашиб бормоқда.
2018 йил. 18 январь. Ақтўбе. Уйига ўлиги қайтган 52 ўзбекистонлик.
Уларнинг ҳар бири иш излаб Россия томон йўлга чиққанди. Улар ўтирган автобус ёниб кетиши оқибатида автобусдаги 57 кишидан 52 нафари ҳалок бўлди. Уларнинг 31 нафари Наманган, 16 нафари Фарғона, 2 нафари Андижон вилоятидан, 2 нафари Тошкент шаҳридан ва 1 нафари Сурхондарё вилоятидан эди. Энг ёмони биласизми нима? Орадан олти йил ўтиб содир бўлган навбатдаги даҳшатли ЙТҲ ҳам айнан Самара-Чимкент йўналишида бўлди. Ҳодиса “Volvo” русумли юк машинаси ҳамда Ўзбекистон фуқароси бошқарувида бўлган Toyota-Аlhpard минивэни иштирокида рўй берган. Оқибатда минивэн ҳайдовчиси ва ундаги етти нафар йўловчи ҳалок бўлган.Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаракат вақтида юк автомобилининг шинаси ёрилиб кетган, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва минивэн билан тўқнашган.Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, бахтсиз ҳодисада вафот этганлар Ўзбекистонга олиб келиниб, дафн қилинди. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев мавқедоши Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, ЙТҲда вафот этган ўзбекистонликларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва 5 апрель куни Ўзбекистонга келди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.
Тугаётган ҳафта Туркия ва унинг 20 йилдан ошиқ давлат бошида қолаётган раҳбари Эрдўғанга оғир келди.
Истанбулда содир бўлган ёнғинда 29 киши ҳалок бўлди, 31 март куни шаҳар ҳокимлиги учун ўтказилган сайловларда Эрдўған бошчилигидаги партия 20 йил деганда илк бор йирик мағлубиятга учради. Эрдўғанни президентлик курсисига олиб келган Истанбул иккинчи марта қўлдан кетди. Майли, сайловни қўя турайлик, ҳозир оддий одамлар умрига зомин бўлган фожиага тўхталайлик.Гап шундаки, Истанбулнинг Шишли туманидаги 16 қаватли тураржой биносининг биринчи ва минус биринчи қаватларида жойлашган “Маскарад” тунги клубида ёнғин юз берди ва оқибатда 29 киши ҳалок бўлди. Яна бир киши оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.Клуб Рамазон ойи муносабати билан фаолият юритмаётган бўлиб, таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинди. Қурбонларнинг аксарияти клубда таъмирлаш ишларини олиб бораётган усталар бўлган. Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч Бош прокуратура тергов ишларини бошлаганини маълум қилди. Ҳодисага алоқадор ва воқеа учун жавобгар бўлиши мумкин бўлган 11 киши қўлга олинган.Ўтган якшанба бўлган сайловда Истанбулни яна беш йил бошқариш учун халқдан ишончни қозонган мэр Экрем Имомўғли таъмирлаш ишлари шаҳар ҳокимияти билан тўғри мувофиқлаштирилмаган ва зарур хавфсизлик чораларига риоя қилинмаган бўлиши мумкинлигини истисно этмади.Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси жабрланганлар ва ушланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари аниқланмаганини билдирди.Ёнғин шунчаки тасодиф эмас. Истанбул, туркчасига айтганда, “Гежа кўнди”, яъни пала-партиш, тунда бошланиб, тонггача битирилган биноларга тўлиб ётибди ва агар мутахассисларнинг айтганлари тўғри чиқиб, бордию Истанбулда зилзила содир бўлса, шаҳарни қандай талафотлар кутаётганини тасаввур қилаверинг. Беш йилда оддийгина йўлкира нархининг ошишига тўсқинлик қилолмаган, шаҳарнинг тозалигини бошқаролмаган, шаҳарда ўнлаб йирик муаммолар туриб, болаларга сут етказиб бериш билан овора бўлиб юрган Имомўғли кейинги беш йилда бу муаммоларни ҳал қила оладими ё эндиги қадами қаттиқ бўладими, унисини Худо билади.
1 апрелдан автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар 68 баравар (34 минг сўмдан 2,32 млн сўмгача), электромобиллар учун эса 15 бараварга ошади. Кулманг, эй, қўйсангчи ҳам деманг – бу 1 апрель ҳазили эмас.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг бу ҳақдаги буйруғи тўловлар ошишидан бир кун олдин, 31 март – якшанба куни қабул қилинди. Қарангки, бундай қарорлар қабул қилиш учун дам олиш кунларига ҳам қараб ўтирилмас экан! Янги буйруқ билан автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини (ярим тиркамаларини) давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов ставкалари оширилиши тасдиқланган. Жумладан, 1 апрелдан бошлаб электромобиллар, мототранспорт воситалари ва тиркамаларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар ставкаси 15 бараварга – 1,5 БҲМгача ёки 510 минг сўмгача оширилади. Қолган барча автомобиллар бўйича ставка 68,4 бараварга ошиб, 6,84 БҲМ ёки 2,32 млн сўмни ташкил этади.Маълумот учун, бунгача автомототранспорт воситаларини ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш ставкаси БҲМнинг 10 фоизи миқдорида – 34 минг сўм эди.Собиқ депутат, Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоевни яхши танийсиз. Бу кишим шундай оламшумул қарорни “халқни ўйламай қабул қилинган”ини айтиб чиқди.
Солихон домла номи билан танилган Солихон Маҳкамович Ортиқхўжаев тугаётган ҳафтада 15 суткага қамалди.
Унинг жавобгарликка тортилиши жорий йилнинг 30 март куни содир бўлган воқеа билан боғлиқ. Суд ҳужжатларида айтилишича, шу куни Сергели тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари қидирувда бўлган фуқаро бўйича қидирув ишлари олиб бориш давомида Ортиқхўжаевнинг уйида тинтув ўтказиш учун борган. Солихон домла эса ходимларга нисбатан носамимий муносабатда бўлиб, бақир-чақир қилган ва баланд овозда “террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман” деб шовқин қилиб, шу ердан ўтиб кетаётган фуқароларнинг тинчлигини бузган. Шунингдек, у ИИО ходимлари томонидан ўзига тегишли бўлган телефон аппаратини тақдим қилиш сўралганида, уларга телефонини бермасдан, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.30 март куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида Солихон Ортиқхўжаев ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам ИИО ходимлари унинг қўл телефонини сўраганида, уларга телефон аппарати йўқлигини айтиб, гаджетни тақдим этмаганини тан олган. Лекин у бақир-чақир қилмаганини айтиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.Суд қарорига кўра, Солихон Ортиқхўжаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган ва унга 183-модда билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси, 194-модданинг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси тайинланган.Шунингдек, жазо ўталганидан сўнг Солихон Ортиқхўжаевдан Тошкент шаҳар ИИББ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қабулхонаси фойдасига махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни 765 000 сўм ундирилиши белгиланган.Шуни айтиш ўринлики, Солихон домла сўнгги йилларда Ўзбекистонда маъмурий жавобгарликка тортилиб, ҳибсланган ягона собиқ ходим эмас. Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани суди қарори билан таниқли диний блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) 15 суткага қамалган эди.
Жорий йилнинг 22 март куни Москвадаги “Крокус Сити Ҳолл”да содир этилган мудҳиш террорчилик ҳаракати билан боғлиқ вазият, мигрантларга нисбатан совуқ муносабат ва Россиянинг Украина, жумладан Ғарбга нисбатан агрессияси кучайиши кун сайин авж олиб бормоқда.
Тугаётган ҳафтада Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари Москва, Екатеринбург ва Омск шаҳарларида “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқадорликда гумон қилинган яна уч кишини қўлга олди.Тезкор-қидирув тадбирлари давомида қўлга олинганлардан икки нафари террорчилик ҳаракатида фойдаланилган ўқотар қурол ва автомашиналарни сотиб олиш учун пул ўтказгани, учинчиси террорчилик хуружига шерикларни ёллаш ва унинг ижрочиларини молиялаштириш билан бевосита шуғуллангани аниқланган.Ушбу теракт ортида Москва икки ҳафтадирки, тан олишни хоҳламаётган, аммо калаванинг асосий учи бўлган масала турибди – бу ҳам бўлса теракт уюштирилаётгани ҳақида АҚШнинг аввалдан берилган огоҳлантиришидир. Россия амалдорлари, ҳатто, Путин ҳам теракт содир бўлганга қадар буни провокация деб атади. ФХХ раҳбари Бортников терактдан бор-йўғи бир неча соат ўтиб, қўлида ҳеч қандай далилсиз иш ортида Киев турганини ишонч билан айтди. АҚШнинг огоҳлантиришлари ҳақидаги саволларга эса шунчаки “игнор” муносабатда бўлинди. Буёғини сўрасангиз, Россияни теракт ҳақида нафақат Америка, балки Эрон ҳам огоҳлантирган экан. “Reuters” агентлиги тугаётган ҳафтада ўзининг учта манбасига таяниб, Эрон Москва яқинидаги "Крокус Сити Ҳолл”га ҳужумдан олдин Россияни террорчилик операцияси эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганини айтиб чиқди.
“Теҳрон ҳужумдан бир неча кун олдин Москвага Россияда содир бўлиши мумкин бўлган йирик теракт ҳақида маълумот берган. Маълумотлар Эронда портлашларни ташкиллаштиришда гумон қилиниб, ҳибсга олинганларни сўроқ қилиш натижасида олинган”, деб ёзган “Reuters”.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса Эроннинг эҳтимолий огоҳлантиришларидан хабардор эмаслигини айтган. “Reuters”нинг уч манбасидан бири эса Эрон томонидан Москвага узатилган маълумотларда ҳужумнинг эҳтимолий нишонига оид белгилар мавжуд эмаслигини урғулаган. Шу билан бирга, Эрон расмийлари Россияни ИШИДнинг Афғонистондаги ячейкаси “Вилояти Хуросон” гуруҳининг баъзи аъзолари, эҳтимол, террорчилик ҳужумларини амалга ошириш мақсадида бу мамлакатга боргани ҳақида огоҳлантирган.Терактни ИШИД амалга оширгани ҳақидаги ўнлаб фактлар келтирилса ҳам Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг 72 яшар кекса котиби Николай Патрушев ўз айтганида туриб олган. “Йўқ! Терактни Киев режими уюштирган, тамом, муҳокамага ўрин йўқ, Киев дедимми, Киев, мендан исбот сўраманг”, дегандек иш тутяпти бобо. У бу ҳақда шу ҳафта Остонада ўтган ШҲТ мажлисида сўз очди.Унга кўра, Киев режими тўлиқ Қўшма Штатлар томонидан назорат қилинади.
“Крокусдаги теракт излари Украина махсус хизматларига олиб бормоқда. Киев режими эса тўлиқ АҚШ назоратида экани ҳаммага маълум. Улар эса бизни теракт ортида Киев эмас, балки радикал исломчилар, эҳтимол ИШИДнинг афғон бўлими турибди, деб ишонтирмоқчи бўлишди. Биз эса ИШИД ва бошқа террорчи ташкилотларни АҚШнинг ўзи яратганини яхши биламиз”, деган Патрушев.
Патрушевнинг таъкидлашича, терактнинг бевосита айбдорлари, шунингдек, уларнинг шериклари Украина томонидан “ўтиш учун дарча тайёрланаётган” чегарада ҳибсга олинган.Россиянинг барча расмийлари АҚШнинг теракт ҳақида огоҳлантириш берганини рад этиб келаётган бир пайтда АҚШ ҳақиқатдан ҳам огоҳлантириш бергани Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг эсига тушиб қолди. У бу ҳақда журналистларга шундай деган:
“Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Федерал хавфсизлик хизмати АҚШ разведка хизматларидан, афсуски, теракт бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот олган. Аммо россиялик ҳамкасбларимиз айтганидек, маълумотлар жуда умумий эди ва бу даҳшатли жиноятда иштирок этганларни тўлиқ аниқлашга имкон бермади”.
Шахсан мен Россия расмийларини тушунмаяпман. Бир қарасанг, теракт ортида АҚШ турибди дейди, огоҳлантириш берилганини рад этади, бир қарасанг, огоҳлантириш берган, лекин аниқ бермаганда деб “мазги” қотиради. Жаноблар, ўзаро келишиб олинглар!
“Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан икки ҳафта ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу воқеа фонида дунёдаги вазиятга, террорчилик хуружларига нисбатан муносабат билдирди. У халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди.
Президент сўзининг аввалида мураккаб ва таҳликали замонда яшалаётгани, Яқин Шарқдаги ва асосий ҳамкорлар ўртасидаги можаролар ечим топмаётгани, шу жумладан Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётганини тилга олган. У бундай мураккаб шароитда иқтисодиётга, аҳоли даромадларига салбий таъсирни камайтириш энг муҳим вазифалардан бири эканини айтди. Ушбу сессияда бир йилдан буён Тошкентни бошқариб келаётган Шавкат Умурзоқов ҳокимликка расман тасдиқланди. Бугунгача матбуот, оммавий ахборот воситалари ходимлари учун сирли ва дахлсиз шахс бўлиб келаётган Умурзоқов бундан кейин қандай ишлайди, у ва унинг жамоаси матбуотга очиладими, қилаётган ишлари, қиладиганлари ҳақида ҳисоб берадими, буниси ҳозирча мавҳум. Тошкентнинг собиқ ҳокими, пойтахтни 2018 йил апрелдан 2023 йил январгача бошқарган ва ноинсоф деган ном билан лавозимидан озод этилган Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса сўнгги ойларда ҳали у, ҳали бу YouTube каналида интервью бериш, айримларида ўзини қандай яхши тадбиркор, қандай яхши инсон эканини айтиш, бошқасида эгалик қилаётганларини кўрсатиш билан банд. Шундай интервьюларнинг бирида у ўзининг умуман китоб ўқимаслигини айтди. Жамоатчилик эса бу орқали бутун бошли қайта қурилаётган Тошкентни 5 йил ким бошқарганини билиб олди.
Тугаётган ҳафтада Исроил Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида консуллик биноси зарар кўрган.
Эроннинг Дамашқдаги элчиси Ҳусайн Акбарийнинг айтишича, унинг мамлакати Исроилга "тез, тўғридан тўғри ва қатъий" жавоб қайтаради. У Исроил F-35 қирувчи самолётлари ёрдамида Эрон консуллиги биносига 6 марта ракета ҳужуми уюштирганини билдирди.Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси ҳужум оқибатида 13 киши, жумладан икки генерал ҳалок бўлганини маълум қилди. Булар бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва бригада генерали Муҳаммад Ҳоди Ҳаж Раҳимий ҳамда ташкилотнинг 5 нафар ходими.БМТ ва баъзи аъзо давлатлар ҳаво ҳужумини қоралади. Айни пайтда АҚШ Эронни Исроил ва Америка нишонларига ҳужум қилишда айблади. Давлатларнинг бундай позициялари Россия талаби билан чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида билдирилди.Йиғилишда сўзга чиққан БМТ Бош котибининг Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича ўринбосари Муҳаммад Холид Хиари Эрон ҳам БМТ Бош котибиятига, ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашига мактуб йўллаб, дипломатик миссияга ҳужум қилингани ҳақида хабар берганини айтди.Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонасининг Муваққат ишлар вакили Заҳра Аршади БМТ Хавфсизлик кенгашини Эроннинг Дамашқдаги консуллигига қилинган ҳужумни кескин қоралашга чақирди. Унинг таъкидлашича, Исроилнинг беқарорлаштирувчи ва масъулиятсиз ҳаракатлари минтақавий ва халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солмоқда.
“Исроил кескинликни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда, чунки бунинг учун жазоланмаяпти. У тинч аҳолини ўлдиришдан, очликни уруш қуроли сифатида қўллашдан тийилмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам апартеид, этник тозалаш, геноцид ва ҳарбий мақсадларга эришиш учун ўз ваколатидан ноқонуний фойдаланади”, деган Аршади.
Унинг сўзларига кўра, Эрон вазминлик билан ҳаракат қилади, лекин ҳамма нарсанинг чегараси бор. Дипломат Теҳрон халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига мувофиқ жавоб бериш учун қонуний ҳуқуқларини сақлаб қолишини таъкидлади.Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Исроилнинг Эрон консуллиги биносига уюштирган ҳаво ҳужумини кескин қоралади. Баёнотда Ўзбекистон хорижий давлатларнинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига ҳужум қилинишини мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат ҳамда халқаро дипломатик ҳуқуқ асослари ва тамойилларини энг қўпол равишда бузилиши, деб ҳисоблаши айтилган.Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канонийга кўра, Теҳрон “тажовузкорни қандай жазолаш”ни ҳал қилади. АҚШ Марказий разведка бошқармаси эса 4 апрель куни Эрон 48 соат ичида Исроилга кучли зарба беришини тахмин қилиб чиқди. "Voxnews" нашрининг ёзишича, Суриядаги Эрон консуллигининг йўқ қилиниши яна бир уруш хавфини юзага келтирмоқда. Америка разведкаси эса оловга мой сепгандек, Эроннинг бунга жавобан Исроилга "ҳалокатли зарба" беришидан Тель-Авивни огоҳлантирган.
"Эрон Исроилдаги стратегик нуқталарга ўз дронлари ва ракеталари билан ҳужум қилишни режалаштирмоқда", дейди "Al Mayadeen" телеканали.
Исроил ҳукумати эса Эрон таҳдиди туфайли дунё бўйлаб 28 та дипломатик ваколатхонасининг фаолиятини тўхтатди.4 апрель куни Эроннинг кутилаётган жавоб ҳужумига "мисли кўрилмаган тайёргарлик" доирасида Исроил Ташқи ишлар вазирлиги хавфсизлик расмийлари билан маслаҳатлашган ҳолда дунё бўйлаб бир қатор элчихоналарини эвакуация қилишга қарор қилган. Бундан олдин эса Исроил Мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Хагари Исроил ҳарбийлари барча жабҳаларда воқеалар ривожига юқори даражада шай эканини айтган. У CNN телеканалига берган интервьюсида зарба Дамашқдаги консулликка эмас, Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий иншоотига қаратилганини билдирди. Унинг иддаосига кўра, бу иншоот фуқаролик биноси сифатида ниқобланган.Вашингтон эса Суриядаги Эрон консуллигига берилган ҳаво зарбасидан кейин Эрон ва Исроил ўртасида кенг кўламли уруш бошланиши эҳтимолидан хавотирда. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби сўз очди.Кирби журналистлар билан мулоқотда АҚШ томонидан Исроилга кўрсатилаётган хавфсизлик ёрдами фақат Ғазо сектори учун эмаслигини унутмасликка чақирган.
“Қўшма Штатлар Исроил билан бирга бўлади, биз бу таҳдидлардан ҳимояланишда сизга ёрдам беришда давом этамиз", дея хулоса қилди Кирби.
4 апрель куни Эрон раҳбари ва руҳий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўзининг Х саҳифасида Исроилни консуллик бўлимига ҳаво ҳужуми уюштиргани учун тавба қилишга мажбур қилишини иброний тилида ёзди.Бошқа томондан қаралса, бу яна Эрон ва Америка ўртасидаги зиддиятни кучайтирадигандек. Ёдингизда бўлса, АҚШнинг Байдендан аввалги раҳбари Дональд Трамп ҳам президентлигининг сўнгги йилида АҚШнинг Бағдоддаги аэропортга берган ҳаво зарбаси оқибатида Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпусининг “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний ҳалок бўлди. Эрон эса бу учун АҚШдан ўч олишга киришди. Хўш, Эрон Суриядаги зарба учун ўчни кимдан олади – ижрочи бўлган Исроилданми ё иш бошида қурол билан таъминлаб турган АҚШданми? Дарвоқе, бу йил АҚШда сайлов, Байден ҳам кетиши мумкин ва унинг ҳам охирги йили Эрон билан кескинлашув билан ёдда қоляпти.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси сўнгги 20 йил ичида илк бор муниципал сайловларда асосий мухолифатдаги “Жумҳурият халқ” партиясига мағлуб бўлди.
Сайловда “Жумҳурият Халқ” партияси йирик шаҳарлар мэрлари лавозимлари учун курашда 37,7 фоиз, “Адолат ва тараққиёт” партияси эса 35,4 фоиз овоз олган.Охирги ўн йилликларда биринчи марта мухолифат республиканинг барча йирик шаҳарларида, жумладан Адана, Анқара, Анталия, Бурса, Измир ва Истанбулда ғалаба қозонди.Мансур Яваш яна Анқара мэри бўлиб қолмоқда, у 60,4 фоиз овоз билан “Адолат ва тараққиёт” партиясидаги асосий рақиби Турғут Олтинок (31,6 фоиз)ни ортда қолдирди. Экрем Имомўғли 51,1 фоиз овоз билан Истанбул мэри лавозимида қолмоқда. Унга қарши бўлган Эрдўғаннинг одами Мурат Курум 39,5% овоз олган. У 2019 йилдан бери Истанбулни бошқариб келади, ўшанда у сайловларда 54,2 фоиз овоз олган. Имомўғли 2028 йилда бўлиб ўтадиган Туркия Президенти сайловида потенциал номзод сифатида кўрилади.Бу сафар Эрдўған қайта сайлов ўтказамиз демади. Кутилмаган самимият билан партияси сайловда керакли натижаларга эриша олмаганини тан олди, аммо бу “охири эмас, балки бурилиш нуқтаси” эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, “Адолат ва тараққиёт” партияси керакли хулосалар чиқаради, содир бўлган воқеаларни таҳлил қилади ва йўл қўйилган хатоларни тузатади.Сайловдаги энг муҳим ғалабани айтайми? Унда 22 ёшли Зайнаб Челик мамлакатнинг энг ёш ҳокими бўлди. Чаноққалъа вилоятининг Ениче туманидаги Калким шаҳарчаси учун сайловда мустақил номзод сифатида қатнашган Челик ҳокимлик курашида ютиб чиқди. Энди у 5 йил давомида ушбу курсини эгаллайди, халқдан бўлак ҳеч ким уни лавозимига лаёқатсизликда, ноинсофликда айблолмайди. Туркиянинг таниқли ишбилармонларидан бири Меҳмет Челикнинг қизи бўлган Зайнаб жами 1983 сайловчига эга Калким шаҳарчасида 47,9 % овоз билан етакчиликни қўлга киритган. У 40 % овоз билан мағлубиятга учраган "Адолат ва тараққиёт" партияси номзоди Иброҳим Ташкинни ортда қолдирган.31 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Туркия раҳбари Эрдўғанга қўнғироқ қилиб, уни мамлакатда демократик етуклик билан ўтказилган маҳаллий сайловлар билан табриклади.
Туркиядан узоқлашмаймиз. Мамлакатда Ўзбекистон фуқароси террорчиликда гумонланиб қўлга олинди.
Гап шундаки, 27 март куни Туркия маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ИШИД халқаро террорчилик гуруҳига аъзо деб гумон қилинаётган 70 киши ушланган. Улар орасида 1 нафар 39 ёшли Андижон вилоятида туғилган Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги аниқланган. Адвокатлар аралашуви натижасида ўзбекистонликнинг айтилган террорчилик гуруҳига алоқаси борлиги ҳақидаги важлар ўз исботини топмаган ва қўйиб юборилган.Шундан келиб чиқиб, консулхона Туркияга боришни режалаштирган ўзбекистонликлар учун ўз тавсияларини берди:
Бу:
• Telegram, Instagram, Tik-Tok, YouTube ва WhatsApp'даги экстремистик канал ва сайтларга аъзо бўлмаслик;
• мобил телефонларда билиб-билмай мутаассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратларни сақламаслик ва тарқатмаслик;
• электрон почта орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик керак.
Эслатиб ўтамиз, январь-февраль ойларида 163 нафар ўзбекистонлик мамлакатга киритилмай, Туркия аэропортларидан ортга қайтариб юборилган. Яна шунга ҳам тўхталиб ўтиш ўринлики, Туркияда кучайтирилган хавфсизлик чоралари ва Москвадаги теракт фонида тугаётган ҳафтада Тожикистон фуқароларига визасиз кириш режими тўхтатилди. Шу ҳафтада эса Президент Эрдўған Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, террорчилик ташкилотлари ва уларнинг тарафдорларига минтақа келажагида ўрин бўлмаслигини айтди. Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан сўнг, Туркия полицияси ва разведка ходимлари Туркиядаги шахслар ва компаниялар ҳақида маълумот тўплаган ва Исроил разведка хизматларига узатаётган саккиз кишини қўлга олгани маълум бўлди.
“Тергов натижасида ушбу шахслар Исроил разведкаси вакиллари билан учрашувлар ўтказгани, Туркиядаги одамлар ва компаниялар ҳақида Исроил разведкасининг [қизиқиш] объекти бўлган маълумотларни тўплагани аниқланди. Ҳужжатлар Исроил разведка хизматларига тўпланган”, дейди Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя.
Йил бошида Туркия контрразведкаси мамлакат ичкарисида туриб Исроилнинг разведка хизмати “Моссад”га ишлаганлик гумони билан 34 кишини қўлга олган эди. Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, Исроил Туркияга қарши жосуслик урушини бошлаган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги террорчилик хуружлари ҳақида тарқалган чақириқлар ҳақида муҳим огоҳлантириш билан чиқди.
Айтилишича, охирги вақтларда дунёнинг турли мамлакатларида содир этилган террорчилик ҳаракатларидан сўнг, Ўзбекистон ҳамда қўшни давлатлар фуқароларига интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ҳамда бошқа жамоат жойларини миналаштириш таклиф қилинган хабарлар келиб тушмоқда.Бу каби провокацион хабарлар асосан Telegram мессенжери орқали юборилиб, унда номаълум шахслар турли миқдорда пул тўлаш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳаракатлар режасини юборишга ваъда бериб, ушбу ҳаракатларга рад жавобини эътиборга олмайдилар. Энг хавфли жиҳати шуки, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек, болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда. Провокаторлар ўзларининг фотосуратлари ва рақамларини яширган ҳолда фаолият юритадилар.Вазирлик фуқаролардан огоҳ бўлишни ва бундай хабарлар келиб тушса, дарҳол "102" рақамига қўнғироқ қилиб, ички ишлар органларига хабар беришни сўраган
2023 йил 3 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остонада эмас, Тошкентда эмас, айнан кутилмаганда Чимкентда норасмий учрашган эди. Мирзиёевнинг Чимкентга бор-йўғи бир неча соатлик ташрифи АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг 2023 йил 28 февраль куни аввал Қозоғистонга, сўнг 1 март кунлари Ўзбекистонга сафаридан кейин юз берганди. Ўшанда Мирзиёев ва Тўқаев АҚШ билан муносабатларга боғлиқ масалаларни муҳокама қилганми ё йўқ, буниси мавҳум. Аммо Блинкен ўз ташрифида икки давлатни ҳам Россиядан кутилаётган агрессиядан огоҳлантириб кетган эди. Мирзиёев ва Тўқаевнинг галдаги учрашуви 5 апрель куни Хоразмда бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси шундаки, ушбу учрашув яна АҚШ расмийларининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан кейин юз беряпти. Хусусан, АҚШлик сенатор Стивен Дэйнс жорий йилнинг 26 март куни аввалига Қозоғистонга борди. Сўнг Вакиллар палатаси қўмитаси раиси, конгрессмен Майк Рожерс ҳамроҳлигида Ўзбекистонга келиб, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан учрашди. Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Президентлар Мирзиёев ва Тўқаевнинг Хоразмдаги учрашуви америкалик расмийларнинг ташрифи билан қанчалик боғлиқ, буниси сирлигича қолмоқда, аммо ўтган йили Чимкент ва бу йил Хоразмда ўтаётган учрашувлар деярли бир-бирига ўхшаш. Қозоғистон Президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, давлат раҳбарлари минтақавий кун тартибини кўриб чиққан ва халқаро тузилмаларда ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича эслатмаларни солиштирган. Музокаралар чоғида Президентлар Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани айтилмоқда. Президентлар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги 6-маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг бориши, шунингдек, C5+ форматидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган. Бироқ Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарларда бу ҳақда миқ этилмаган. C5+1 формати Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШни ўз ичига олади ва 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Марказий Осиё Президентлари ва АҚШ раҳбари Жозеф Байден бир стол атрофида жам бўлганди. Ўшанда Байден C5+1 Иқтисодий ҳамкорлиги доирасида янги бизнес-платформа яратилишини маълум қилган.Шундан сўнг, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Дональд Лу ноябрь ойида Тошкентга келди ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ўтган учрашувда Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига киришини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқланган. АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича катта директори Николас Берлинер эса жорий йилнинг март ойи ўрталарида Қозоғистонга бориб, Қўшма Штатлар ҳозирги геосиёсий ўзгаришлар шароитида минтақанинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш учун Марказий Осиё давлатлари билан конструктив шерик бўлишни хоҳлашини айтиб қайтди.
“Биз глобал геосиёсатда катта тебранишлар кузатилаётган бир даврда яшаяпмиз, Марказий Осиё бу силжишларнинг марказида тургани учун буни яхши ҳис қилади ва ҳозир осон вақт эмас. Қўшма Штатлар Марказий Осиёга барқарорликни ва иқтисодий қудратини ошириш имконини берадиган энг конструктив ҳамкор бўлишни истайди”, деган Берлинер.
Хуллас, Мирзиёев ва Тўқаевнинг Хоразмдаги учрашуви фақат расмиятчиликдан иборат бўлмаган. Президентлар Хивадаги Ичан қалъа мажмуасига, Нуриллабой саройига борган. Сўнг Тўқаев шарафига қабул маросими ташкил этилган. Куннинг иккинчи ярмида Мирзиёев Тўқаевни яна йўлга кузатиб қўйган.
Россияда энди мигрантларга янада қийин бўлиши кутилмоқда. Россия Ички ишлар вазирлиги миграция қонунчилигининг бир қатор қоидаларини кучайтирувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳукуматга тақдим этилган қонун чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россияга кириши ва чиқишини тартибга солади.
Қонун лойиҳасида:
• Россияда ноқонуний бўлган чет элликлар ва Россиядан чиқиб кетишлари чекланганлар учун "назорат остида бўлиш" режимини ўрнатиш;
• хорижликларнинг Россияда бўлиш муддатини илгари бўлгани каби олти ой эмас, балки календарь йили давомида 90 кунгача чеклаш таклиф қилинган.
• чет элликлар билан "содиқлик шартномаси"ни тузиш, уларни Россияда бўлишларини чеклаш имконияти ёки қонунларни бузган тақдирда мамлакатни тарк этиш ҳуқуқи тўғрисида огоҳлантириш;
• чет эл фуқароларининг Россияда бўлиши устидан маъмурий назоратни полициянинг функцияларидан бирига айлантириш таклиф қилинмоқда.
Ички ишлар вазирлиги вакили Ирина Волкнинг сўзларига кўра, Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилган қонун лойиҳаси чет элликларнинг "айрим ҳуқуқларини чеклаш" ва "уларга қўшимча масъулият юклаш" билан боғлиқ чораларни қўллаш имконини беради.Исроилнинг Ғазо секторига ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери ҳалок бўлган фаластинликлар сони 33 мингдан ошди, жароҳат олганлар эса 75 мингдан кўп. Айрим ҳалок бўлганларнинг жасадлари вайроналар остида қолгани, шифокорлар уларга ҳали етиб бора олмаётгани айтилмоқда. Ғазодаги гуманитар вазият эса кун сайин оғирлашиб бормоқда. Исмини эълон қилишни истамаган туркиялик саховатпеша эса ўзи яшаб турган уйни сотиб, люкс ҳаётидан воз кечиб, қўлида бор пулига Ғазодаги оилаларга 150 та чодир бошпана қурдирди. Энди ўзингизга савол беринг: сиз қанчалик ўзингизда борлардан бошқалар учун кеча оласиз? Узоқдагиларга етолмаслик бор гап, ҳеч бўлмаса ён-атрофингиздагиларнинг холидан хабар оляпсизми? Шукурни канда қилмаяпсизми? Кўришамиз.
LiveБарчаси