Швейцарияда депутатлар фаластинлик болалар ўлими ҳақида таҳдидли хат олди
Олам
−
13 Декабрь
2043Швейцария парламентининг қарийб юз нафар депутати ушбу ҳафта давомида Ғазодаги болалар ўлими билан боғлиқ таҳдидли мактублар олди. Айрим мактубларга ўзига хос ҳидга эга қора кукунли пакетлар ҳам қўшилган. Бу ҳақда “Blick” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, мактубларда Швейцария қонунчилари Фаластин анклавидаги геноцидда иштирок этишда айбланган. Хат матнида улар олган қора кукуннинг ҳиди “Ғазонинг ҳамма жойида мавжуд” экани таъкидланган. Полиция нашрга берган баёнотда ушбу модда соғлиқ учун хавф туғдирмаслигини билдирган. Мактубларга ҳалок бўлган ва яраланган фаластинлик болаларнинг суратлари, шунингдек, куйиш жароҳатлари билан тўла танага эга фаластинлик болани акс эттирган видеога ҳавола (QR-код) илова қилинган. Хатда депутатлар дўқ-пўписа билан фаластинлик болаларнинг очликдан оммавий ўлишини тўхтатишга чақирилган. Ушбу ҳодиса юзасидан Берн кантони полицияси тергов бошлаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 декабрь куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо секторида очлик кенг тарқалганини маълум қилди. Маълумотларга кўра, сўнгги тўрт ойда ўткир танқислик сабабли 19 мингга яқин бола шифохонага ётқизилган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг биринчи ярмига қараганда деярли икки баробар кўп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Ғазонинг шимолий ҳудудидаги Байт-Лахиядаги Индонезия шифохонасида ётган ўнлаб ярадор беморларга озиқ-овқат ва сув етишмаслиги сабабли ўлим таҳдид солаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси