Ғазода 11 ойлик чақалоқ очлик қурбони бўлди
Олам
−
18 Апрель
3022Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагерида яшаган 11 ойлик фаластинлик чақалоқ тўйиб овқатланмаслик ва зарур дори-дармонлар етишмаслиги оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Anadolu” хабар берди.
Маълум қилинишича, Ғазо секторининг марказий қисмида жойлашган Нусейрат қочқинлар лагеридан бўлган Удай Аҳмед исмли 11 ойлик бола гуманитар фалокат қурбони бўлган. Онаси Эсма Ҳайдар ўғлини “Ақса” шифохонасига олиб келган ва чақалоқ ўша ерда вафот этган. Болани тўғридан тўғри шифохонада ўтказилган жаноза намозидан кейин дафн қилишган.
Эсманинг сўзларига кўра, Ғазода на озиқ-овқат, на дори-дармон бор, болалар ҳар куни вафот этмоқда.
“Биз очлик, вайронагарчилик ва ёпиқ чегаралардан азият чекмоқдамиз. Ҳатто дори-дармон топишнинг ҳам иложи йўқ”, деган чақалоқнинг онаси.
Шунингдек, Эсма араб давлатларини ҳаракатсизликда айблаб, урушни зудлик билан тўхтатишга ва гуманитар ёрдам етказишга чақирган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мунер Абдуллоҳ ал-Барш боланинг ўлимига очлик ва даволаниш имконияти йўқлиги сабаб бўлганини тасдиқлаган. У фожиа Исроилнинг гуманитар ёрдам етказиб беришни тўсиб қўйгани натижаси эканлигини таъкидлаб, ушбу чекловларни зудлик билан бекор қилишга чақирган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 март кунидан бери Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилишини бутунлай тўсиб қўйди. БМТ маълумотларига кўра, жорий қамал даври 2023 йил 7 октябрда можаро бошланганидан бери энг оғир давр бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида Исроил ва ҲАМАС Миср, Қатар ҳамда АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолаган эди. Бироқ Исроил 18 март куни Ғазо секторига зарбалар беришни қайта бошлади. Ушбу қарор ҲАМАС Исроил асирларини озод қилишдан бир неча бор бош тортгани ва барча таклифларни рад этгани сабабли қабул қилингани билан изоҳланди.
20 март куни эса Исроил Ғазо секторининг маркази ва жанубида қуруқликдаги ҳарбий операцияларни ҳам қайта бошлади. Армиянинг асосий вазифалари сифатида “хавфсизлик ҳудудини кенгайтириш” ва “эксклавнинг шимоли ва жанубида қисман буфер зонасини яратиш” қайд этилган. Бундан ташқари, армия “Голан” бригадасини Исроил жанубига жойлаштиришга қарор қилган. Ҳарбийлар “Ғазо секторидаги операциялар учун тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатида” қолиши маълум қилинган.
LiveБарчаси