Ғазода ҳалок бўлганлар сони 47 минг кишига яқинлашди
Олам
−
17 Январь
638Ғазо секторида Исроил қўшинлари билан тўқнашув оқбатида қурбон бўлган фаластинликлар сони 46 минг 788 нафарга етди. Бу ҳақда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига таяниб, кеча, 16 январь куни ИРНА хабар берди.
Сўнгги 24 соат ичида Исроил ҳужумлари туфайли 81 фаластинлик ҳалок бўлди, яна 188 нафари яраланди. 2023 йил 7 октябрдаги жанговар ҳаракатлар бошланганидан буён жами қурбонлар сони 46 минг 788 кишини, ярадорлар сони эса 110 минг 453 нафарни ташкил этади.
Бундан ташқари, Ғазо фуқаролик мудофааси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 16 январь куни кечқурун сулҳ эълон қилинганидан бери яна 77 нафар фаластинлик, жумладан, 21 бола ва 25 аёл ҳалок бўлган. Давом этаётган ҳужумларда 250 дан ортиқ киши жиддий жароҳат олган. Юқорида кўрсатилган сонлар яна ошган ҳам бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ол Соний Фаластин ва Исроил томонлари ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Сулҳ 19 январдан кучга кириши кутилмоқда ва келишув доирасида ҲАМАС фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига 33 нафар исроиллик гаровдан озод қилишга рози бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати, АҚШ ва Қатар вакиллари 16 январь куни кечқурун Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. Келишув бўйича АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стивен Виткофф, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича координатори Бретт Макгурк ҳамда Қатар ва Миср воситачилари музокаралар олиб боришган. АҚШ томонидаги келишув Бретт Макгурк томонидан имзоланган. “The Washington Post” нашрининг ёзишича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўнг қанот коалициясидаги ҳамкорларига ҲАМАС билан сулҳнинг биринчи босқичидан сўнг Ғазо секторида ҳарбий операцияни қайта бошлашга ваъда берган.
LiveБарчаси