Ғазо секторида сув инқирози кучаймоқда
Олам
−
19 Август
1801Исроил ҳарбийлари қудуқлар, сув ҳавзалари, насос станциялари ва қувур тармоқларини вайрон қилгани сабабли Ғазо сектори жанубида сув инқирози кучаймоқда. Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали хабар берди.
Исроилнинг Ғазога қарши деярли 11 ойдан бери давом этаётган ҳаракатлари оқибатида анклав жанубидаги Хон Юнус шаҳардаги бешта асосий сув омборидан тўрттаси вайрон бўлган. Қудуқлар, сув омборлари ва қувур тармоқларига зарар етказилиб, маҳаллий аҳоли деярли сув таъминотидан маҳрум бўлди.
Шунингдек, Ғазо сектори шимолидаги асосий шифохоналардан бири электр генераторлари учун ёқилғи етишмаслиги сабабли ишламаяпти. Ал-Авда шифохонаси директори Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, шифохона электр генераторлари учун “ёқилғи олмаса, 24 соат ичида ўз фаолиятини тўхтатади”.
“Барча операциялар, жами 56 таси қолдирилди. Ёқилғи тез орада етказиб берилмаса, беморларда гангрена ва яллиғланиш пайдо бўлади. Оқибатда уларнинг оёқ-қўллари ё кесилади ёки ўлади. Кесария йўли билан туғиш тартиби ҳам хавф остида”, дейди у.
Бундан ташқари, телеканал Фаластин анклавининг шимолида жойлашган Камол Адван шифохонасида ёқилғи танқислиги ҳақида хабар берган. Бу тиббиёт муассасаси ҳам кейинги 24 соат ичида ёқилғи ва дори-дармон етишмаслиги сабабли ишини тўхтатишга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш сўнгги ҳафталарда Хон Юнус ва Дайр ал-Баҳлдаги канализация намуналарида полиовирус аниқланганини маълум қилган, шу муносабат билан БМТ август ойи охирида Ғазода 10 ёшгача бўлган 640 мингдан ортиқ болаларни полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини бошлашни режалаштираётганини билдирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь