БМТ Ғазода болаларни эмлаш кампаниясига тайёрланяпти
Олам
−
17 Август
1498Полиомиелит вируси аллақачон Ғазода тарқалмоқда, яъни юз минглаб болалар ўлим хавфи остида. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
Унинг айтишича, сўнгги ҳафталарда Хон Юнус ва Дайр ал-Баҳлдаги канализация намуналарида полиовирус аниқланган. Полиомиелит тарқалишининг олдини олиш кенг кўламли, мувофиқлаштирилган ва тезкор ҳаракатларни талаб қилади. Шу муносабат билан БМТ август ойи охирида Ғазода 10 ёшгача бўлган 640 мингдан ортиқ болаларни полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини бошлашни режалаштирмоқда.
"Мен барча томонларни кампания учун гуманитар пауза ўрнатиш мақсадида зудлик билан аниқ кафолатлар беришга чақираман", дейди Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти полиомиелитга қарши 1,6 миллион доза вакцинани чиқаришни аллақачон маъқуллаган. UNICEF вакциналар ва сақлаш ускуналарини етказиб беришни мувофиқлаштириб боради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик Қочқинларга Ёрдам Агентлиги (UNRWA) Ғазодаги энг йирик тиббий ёрдам кўрсатувчи вакциналарни далага етказиш учун тиббий гуруҳларни тайёрламоқда.
“Қийинчиликлар жиддий. Ғазода соғлиқни сақлаш, сув ва канализация тизимлари қулади. Аксарият шифохоналар ва бирламчи тиббий ёрдам марказлари ишламаяпти. Одамлар доимо хавфсизлик излаб қочиб юради. Можаро мунтазам эмлашни жиддий равишда бузди, бу эса қизамиқ ва гепатит А каби бошқа олдини олиш мумкин бўлган касалликларнинг тарқалишини оширди”, дея таъкидлади БМТ Бош котиби.
Антонио Гутерришнинг таъкидлашича, эмлашда соғлиқни сақлаш муассасаларидаги 708 бирламчи тиббий ёрдам гуруҳлари ва майдонга кетадиган яна 316 жамоа иштирок этади.
"Полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини муваффақиятли ўтказиш учун хавфсизлик биринчи ўринда туради. У тиббиёт ходимларига ўз ишларини қилишлари учун, болалар ва уларнинг оилалари эса тиббий муассасаларга боришлари учун керак", дейди Бош котиб.
Гутерриш можаронинг барча томонларини эмлаш кампанияси вақтида тиббиёт ходимларига хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь