Ғазо секторида ҳалок бўлганлар 4,3 мингдан ошди

Олам

image

Исроилнинг Ғазо секторига 7 октябрдан бери давом этаётган зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар 4,3 мингдан ошди, 13,5 мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Бу ҳақда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

“4385 киши ҳалок бўлган, улардан 1756 нафари болалар, 13561 нафари яраланган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Ўз навбатида, Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги ҲАМАСнинг Ғазо секторидан уюштирган ракета ҳужумлари оқибатида камида 5007 нафар исроиллик жароҳатлангани ва улар шифохонага ётқизилганини маълум қилган.

Исроил мудофаа кучларининг расмий вакили Даниэль Ҳагарининг сўзларига кўра, бугунги кунда ҲАМАС Ғазо секторида 210 га яқин асирни гаровда ушлаб турибди. Шунингдек, у можаро авж олган пайтдан бери 307 нафар исроиллик аскари ҳалок бўлганини айтган.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил-Фаластин можароси Ғазо сектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг