Ғарб Исроилга муносабатни ўзгартиришга кечикди – Эрдўған
Олам
−
22 Май 5136 1 дақиқа
Ғарб давлатлари Исроилга муносабатини ўзгартира бошлади ва яҳудий давлати глобал миқёсда тобора яккаланиб қолмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 21 май куни Будапештда ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммитидан қайтаётиб, самолёт бортида журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Исроил глобал миқёсда тобора яккаланиб бормоқда. Гарчи кеч бўлса-да, Европа давлатларига Исроилга қарши маърифат ва сафарбарлик келмоқда”, дейди Туркия Президенти.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Ғазо фожиаси нафақат инсонпарварлик инқирози, балки бутун дунё учун муаммо, халқаро тизимнинг самимийлиги синовидир.
“Ғарб ташкилотлари, афсуски, Ғазо синовидан ўта олмади. Ғазо синовидан ўта олмаганларга тарих ҳукм чиқаради. Биз Туркия ўлароқ инсонийлик, қадр-қиммат тарафидамиз. Минтақага гуманитар ёрдам етказиш учун қўлимиздан келган барча ишни давом эттирамиз”, дейди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия, Франция ва Канада Исроилнинг Ғазо секторига ҳарбий ҳужуми ва инсонпарварлик ёрдамини етказишдаги чекловлари сабаб кескин чоралар кўриш билан таҳдид қилди. Буюк Британия Исроилга қарши санкциялар киритди ва савдо музокараларини тўхтатди.
Live
Барчаси