Гаитида жиноий тўда мақсадига етди. Бош вазир истеъфога чиқди

Олам

image

Гаити Бош вазири Ариэль Анри мамлакатда жиноий тўдалар келтириб чиқарган зўравонликлар ва шиддатли норозилик намойишлари фонида истеъфога чиқди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

Кеча, 11 март куни Кариб денгизи ҳамжамияти (CARICOM)га аъзо 25 та давлат раҳбарлари Ямайкада Гаитидаги вазият бўйича навбатдан ташқари йиғилиш ўтказди. Учрашувдан сўнг 5 мартдан бери хавфсизлик нуқтаи назаридан Пуэрто-Рикода кутган Анри CARICOM’га ўз истеъфосини маълум қилди.

“Биз ўтиш даври президентлик кенгаши ташкил этилгани ва муваққат бош вазир тайинланганидан сўнг Ариел Анрининг истеъфосини қабул қилдик”, дейди CARICOM раиси ва Гайана Президенти Муҳаммад Ирфаан Али.

Маълумот учун, 2021 йилда президент Жовенель Моизнинг ўлдирилиши ва ўша йилнинг август ойида 2200 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган зилзила ортидан Гаитида хавфсизлик ва гуманитар вазият ёмонлашди. “Telesur” телеканали маълумотларига кўра, жиноий гуруҳлар пойтахт ҳудудининг 80 фоиздан ортиғини назорат қилиб, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бирлашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гаити тўдаларидан бирининг раҳбари, “Барбекю” номи билан танилган Жимми Шеризье мамлакат Бош вазири Ариэль Анри истеъфога чиқмаса, мамлакатда зўравонликлар юзага келганида фуқаролар уруши бошланиши билан таҳдид қилган эди.

Анрининг истеъфосини талаб қилган қуролли тўдалар хавфсизлик кучлари билан тўқнашиб, 2 ва 3 март кунлари Порт-о-Пренс ва Круа-де-Букет минтақаси яқинидаги иккита қамоқхонага қуролли ҳужум уюштирди. Тўқнашувлар пайтида 4 мингга яқин маҳбус қамоқхоналардан қочиб кетди, 12 киши ҳалок бўлди.

Ҳукумат қамоқхонадан қочган жиноятчиларни ушлаш учун 4 март куни 72 соатлик фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати эълон қилди.

Шеризье тўдаси Бош вазир Анрининг мамлакатга қайтишига йўл қўймаслик учун пойтахт аэропортини бир неча бор босиб олишга уринган. Гаитида 4 март куни эълон қилинган 72 соатлик фавқулодда ҳолат 7 март куни бир ойга узайтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гаити жиноий тўда Ариэль Анри

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг