Гаитида қуролли тўда ҳужуми оқибатида 70 киши ҳалок бўлди
Олам
−
05 Октябрь
2358Кеча, 4 октябрь куни марказий Гаитида қуролли тўда ҳужуми оқибатида 70 киши ҳалок бўлди. Улар орасида уч нафар чақалоқ ҳам бўлган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси баёнот берди.
Маълум қилинишича, кеча, 4 октябрь куни “Гран Гриф” қуролли тўдаси аъзолари милтиқлардан фойдаланиб, камида 70 кишини, жумладан 10 нафар аёл ва уч чақалоқни ўлдирган. Ҳужум Порт-о-Пренсдан тахминан 80 километр шимолда жойлашган, қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Артибонит вилоятининг Понт Сонде шаҳрида содир бўлган. БМТ маълумотларига кўра, бу ҳудудда тўдалар зўравонлиги тобора кенгайиб бормоқда.
Қайд этилишича, ҳужум оқибатида камида 16 киши, жумладан, икки тўда аъзоси Гаити полицияси билан отишма чоғида жиддий жароҳат олган. Улар камида 45 уй ва 34 автомобилни ёқиб юборган. Зўравонлик туфайли 6 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этган.
Гаити Соғлиқни сақлаш вазирлиги воқеа жойига кириш имкониятини қийинлаштираётган хавфсизлик вазиятига қарамай, воқеа билан боғлиқ жавоб чораларини кўришга ҳаракат қилаётганини билдирган.
Мамлакат Бош вазири Гарри Кониль ҳужумдан жабрланганларга ҳамдардлик билдирган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жавоб чоралари янада кучайтирилишини маълум қилган.
“Бу жирканч жиноят, аёлларга, эркакларга ва болаларга қарши қилинган ҳужум эмас, балки бутун Гаити халқига қарши қилинган ҳужумдир”, деди у.
БМТ маълумотларига кўра, “Гран Гриф” Артибонитдаги энг кучли тўда ҳисобланади. Ўтган ойда АҚШ ушбу тўданинг раҳбари деб гумон қилинган Люксон Эланга нисбатан инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, жумладан, одам ўғирлаш, қотиллик, аёллар ва болаларни калтаклаш ҳамда зўрлаш айблови билан санкция киритган. Тўда жорий йилнинг январь ойидан бери камида 3 661 кишини ўлдирган.
Июнь ойида Кариб денгизида жойлашган ушбу давлатга хавфсизликни таъминлаш ва қонун устуворлигини тиклаш учун Халқаро хавфсизликни қўллаб-қувватлаш миссиясининг хорижий хавфсизлик кучлари келган. Содир бўлган ҳужумдан сўнг эса БМТ миссия учун қўшимча молиявий ва логистик ёрдам сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Африканинг Лусикисики шаҳридаги икки уйда содир бўлган оммавий отишмада 17 киши ҳалок бўлган эди.