Гаити Президентини ўлдиришда айбланаётган америкалик нималарни режа қилганди?
Олам
−
16 Июль 2021
6653Гаити Президенти ўлдириб кетилганидан сўнг қўлга олинган америкалик Эмманюэль Санон ҳокимиятга келиш режасини тузаётганди. У ўзини шифокор ва руҳоний эканлигини таъкидлаб, ҳокимиятни эгаллагунга қадар ҳомийлик қилиши ва хавфсизлигини таъминлаши учун бир неча тадбиркорлар билан битим имзолаган. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Қайд этилишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Гаити Президенти Жоневел Моизга суиқасд қилишда америкалик Эмманюэль Санонни айблаган. Шундан сўнг, у Гаитида ҳибсга олинган. Ҳибсга олингунга қадар у ҳокимиятни эгаллашни режалаштираётганди. Ушбу режани амалга ошириш жараёнида шахсий хавфсизлигини таъминлаш учун “шахсий қўриқчи” ҳам ёллаган. Кеча, 15 июль куни “The Washington Post” газетаси, шунингдек унинг режасидан бохабар бўлган шахслар шу каби маълумотлар билан бўлишган.
Маълумотларга кўра, Эмманюэль Санон АҚШнинг Флорида штатида ўз режасини тузаётганди. Флоридада у Гаитини қайта қуриш режасини ишлаб чиққан. Ушбу лойиҳага у қиймати 83 миллиард доллар бўлган сармоялар эвазига мамлакатни қашшоқликдан чиқариб, замонавий инфратузилмани йўлга қўйиш кераклигини айтиб, атрофига етарлича тарафдорларини тўплаган. Таъкидланишича, ушбу режа Флоридада яшовчи 70 ёшли нафақахўр профессор Парнелл Дюверже томонидан ишлаб чиқилган.
Хабарга кўра, Санон икки маҳаллий ишбилармон, инвестор Вальтер Вейнтемилье ва хавфсизлик хизматлари компанияси раҳбари Антонио Интриаго билан “хусусий хавфсизлик компанияси”ни молиялаштириш ва ташкил қилиниши тўғрисида музокаралар олиб борган. Музокаралар натижасига кўра, қиймати 860 мингдан ортиқ бўлган лойиҳа ҳаражатларини тўртдан уч қисмини Вейнтемилье компанияси, қолган қисмини эса Интриаго компанияси қоплаб беради.
Вейнтемилье компанияси адвокатларининг сўзларига кўра, Санон ҳеч қачон Гаити Президентини ўлдириш ҳақида сўз очмаган. У фақатгина тинч йўл билан Гаити аҳолиси ҳаётини яхшилашга уринган.
“The Washington Post” газетасининг иҳтиёрида бўлган Саноннинг режалари тўғрисидаги ҳужжатларда, шунингдек Интриаго ва Вейнтемилье билан тузилган режаларнинг қораламасида ҳам Гаити Президентини ўлдириш режаси ҳақида гап кетмаган. Ушбу газета журналистлари билан суҳбатга розилик билдирган профессор Дюверженнинг сўзларига кўра, Гаити Президенти Моизенинг истеъфога чиқиши кутилган, унинг ўрнига эса Санон келиши керак бўлган.
Газетага кўра, ўзини шифокор ва руҳоний деб атайдиган Санон олдин Гаитидаги гуманитар жамғарманинг ҳамда евангелия черкови ва телекоммуникация компаниясининг асосчисилигини даъво қилиб, банкротлик тўғрисида судга мурожаат қилган.
Эслатиб ўтамиз, Гаити Президенти 7 июлга ўтар кечаси шахсий қароргоҳига қилинган ҳужумда ўлдирилди. Ҳужумда унинг рафиқаси Мартин Моиз ҳам жароҳат олди. Кейинчалик унинг ўлими тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди, аммо Гаитининг Доминикан Республикасидаги элчихонаси бу хабарларни рад этди.
Кейинчалик, Гаитининг АҚШдаги элчиси Бокчит Эдмонд Республиканинг биринчи хоними Мартин Моиз даволаниш учун Майамига олиб борилишини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, Гаити Сенати (парламентнинг юқори палатаси) ўз спикери Жозеф Ламберни Республиканинг Президенти деб эълон қилган.
LiveБарчаси