Мен қаршиман, “погонли одам” ҳам инсон-ку – Ортиқова “ГАИ”ларни тасвирга олиш ҳақида
Интервью
−
31 Март 2022
20840Ўзбекистонда Йўл-патруль хизмати ходимлари хизмат вазифасини яхши ёки ёмон бажаришидан қатъи назар уларни тасвирга олишни тақиқлаш тўғри бўлади. Бугун, 31 март куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ЙПХ инспекторларини уларнинг рухсатисиз тасвирга олишни тақиқловчи қарор лойиҳаси юзасидан билдирган муносабатида шундай фикр билдирди.
“Конституцияда норма бор. Инсон шаъни, қадр-қиммати дахлсиз ва Конституция билан ҳимоя қилинади. ЙПХ ходими ҳам Ўзбекистон фуқароси, Конституция билан ҳимоя қилиниши керак. Бу менинг шахсий фикрим. Бу фикр. Қонун эмас. Қонуний тарзда ё у ёқлик ёки бу ёқлик бўлади. Ўртанча бўлмайди тўғрими? Ё рухсат берилади, ёки ман этилади. Ким мени адолатсизликда айблай олади? Ҳеч ким. Мен жуда адолатли аёлман. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституция билан ҳимояланган. ЙПХ ходими ёки уй бекаси, журналист, блогер бўладими, агарда сиздан рухсат сўрамай "съёмка" қилса, шунақа чанг кўтарасиз-ки, Худо кўрсатмасин... Бу менинг фикрим”, дейди Ортиқова.
Унинг сўзларига кўра, “ГАИ” ходимлари хизмат вазифасини яхши ёки ёмон бажариши бу иккинчи масала ҳисобланади.
“Ҳар қандай давлат ўзининг мустақиллигини эълон қилганидан кейин, ўша доирада яшайдиган ҳуқуққа итоат қилувчи инсонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мажбуриятини олади. Ўзбекистон ҳам бу қатордан қолгани йўқ. БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси. “ГАИ” ходими хизмат вазифасини бажаради. Яхши бажарадими, ёмон бажарадими бу иккинчи масала”, дейди Светлана Ортиқова.
Шунингдек, у сўзи давомида бугунги кунда Ўзбекистон йўллари ижтимоий тармоқларда “қонли йўллар”, дея ном олаётгани шармандалик эканини урғулади.
“Кўчада юриш қанчалик хавфли бўлиб кетяпти?! Қаердадир видеокамера ишлайди, ишламайди. Қаердадир “ДАН” ходими туради, турмайди. Лекин “права”га ўқимаган, “права”си йўқ одамлар ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганларни рулда кўряпмиз-ку. Ҳозир ҳаттоки, Ўзбекистон йўллари ижтимоий тармоқларда “қонли йўллар”, деган ном ҳам олди. Шарманда эмасми?”, дейди Ортиқова.
Бош прокурорнинг ўринбосари Светлана Ортиқова сўзида давом этар экан, Йўл-патруль хизмати ходимининг фаолиятидаги жараённи "съёмка" қилинишига қарши эканини таъкидлади.
"Ўзбекистон Республикаси фуқароси, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам прокурор, ҳам аёл сифатида менинг шахсий фикрим, “ГАИ” ходими кўчага чиқса, қонун доирасида ишлайдиганини айтайлик ҳозир, қонун талабини бажариши лозим бўлган ўша йўловчидан талаб қилса, менимча, видеога олиб ижтимоий тармоқларга ташлаш нотўғри. Давлат хизматида бўлган “погонли одам", ҳам инсон-ку . У ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси-ку. Мисол учун мендан сўрамасангиз, мен фото олишга рухсат бермайман. Демак, биринчи галда Ўзбекистон Республикаси фуқаросини ҳимоя қилишимиз керак.
Иккинчидан, у давлат хизматидаги одам. Агарда “ГАИ” ходими нотўғри қандайдир хатти-ҳаракат қиладиган бўлса, сиз ҳуқуқий маданият, ўз ҳуқуқингизни биласиз, мажбуриятингизни эсдан чиқармайсиз. Афсуски, ҳозир ҳуқуқим бор экан деб, мажбуриятни эсдан чиқарадиганлар талайгина бўлиб қоляпти. Кўряпмиз-ку. Менинг фикримча, бу Ўзбекистон халқига хос ва мос хусусият эмас. Шунинг учун мен ҳам у томондан йўловчи тарзида, ҳам “погонли шахс” сифатида айтяпман. Мен “ГАИ” ходимини хизмат фаолиятидаги жараённи "съёмка қилишга қаршиман”, деб жавоб берди Бош прокурор ўринбосари.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Ортиқова хоним ЙПХ ходимларининг хизмат маданияти ҳақида оғиз очган экан, аввало ижтимоий тармоқларда “ГАИ”лар билан боғлиқ тарқалаётган видеоларда айнан орган вакилларининг қонунни бузгани кўриниб қоляпти. Шунингдек, қонун доирасида иш кўраётган ЙПХ ходимлари ўзини видеога олиб тарқатган фуқарони судга бериб уни жавобгарликка торттириш мумкин. Чунки уларда эндиликда бодй камера бор ва барча бўлаётган жараён тасвирга олинади ва ҳайдовчи шахсини аниқлаш мумкин. Амалдаги қонунчилик ҳам бунга имкон беради.
Яна бир жиҳат бор. Агарда Конституция Ортиқова айтганидек, фуқарони ҳимоя қилса, қўшимча қарорга зарурат не? Ёки Конституция ишламаяптими? Унинг ишлашига Прокуратура органлари ҳам бирдек масъул эмасми?
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги Йўл-патруль хизмати ходимларини фото ва видеотасвирга олишни тақиқлашмоқчи экани, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида шундай ўзгартириш назарда тутилгани ҳақида хабар берган эдик.