ФВВ аҳолига музда учмасликни тавсия қилди
Жамият
−
23 Январь 2023
4848Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига кўллар устидаги музларда учмасликни сўраб мурожаат билан чиқди. Таъкидланишича, аномал совуқ туфайли кўллар усти музлар билан қопланган ва аҳоли, айниқса, болалар яхламалар устида учмоқда.
“Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши ортидан республиканинг бир қатор ҳудудларидаги йирик дарёлар, кўллар, ҳаттоки шаршаралар музлаши кузатилди. Ушбу ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёш болалар кўнгил очиш мақсадида коньки ва чаналарда учишмоқда. Сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати анчайин илиқлашган бўлсада, кўлларни қоплаган музлар эриб кетгани йўқ”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, республика ҳудудларидаги кўлларнинг муз қопламалари қалин бўлмагани сабабли ёрилиш эҳтимоли юқори. Бу эса муз устида учаётганлар ҳаёти учун хавфли ҳисобланади.
“Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига кўллар устидаги музларда учмасликни тавсия этади”, дейилади хабарда.