Футбол: Ўзбекистон кубоги чорак финалининг барча жуфтликлари маълум бўлди
Спорт
−
20 Август 2021
8575Бугун, 20 август куни Ўзбекистон кубоги 1/8 финал босқичидан ўрин олган сўнгги икки учрашув бўлиб ўтди.
Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасига қарши баҳс олиб борди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиннинг 43-дақиқасида тошкентликлар футболчиси Фаррух Икромов томонидан киритилган гол ўйин тақдирини ҳал этди.
Шу тариқа “Бунёдкор” чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. “Қалдирғочлар” ярим финал учун ўтадиган учрашувда “Сурхон”га қарши баҳс олиб боради.
Жиззахда бўлиб ўтган ўйинда “Сўғдиёна” Тошкентнинг “Локомотив” клубини меҳмон қилди. Ўйиннинг 20-дақиқасида мезбонлар футболчиси Aюбхон Нўъмонов жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 43-дақиқада Диёр Туропов учрашувда мувозанатни тиклади (1:1). Ўйин асосий вақтига қўшиб берилган 4-дақиқада Хуршид Мухторов жиззихликларга ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди — 2:1.
Шу тариқа, “Сўғдиёна” жамоаси Ўзбекистон кубогининг чорак финалига йўл олди ва ушбу босқичда Қаршининг “Насаф” клуби билан баҳс олиб боради.
Шунингдек, чорак финалнинг яна икки учрашуви “Олимпик” – “Пахтакор” ҳамда ОКМК – “Қизилқум” жамоалари ўртасида ўтказилади.
Маълумот учун, 2020 йилги Ўзбекистон кубоги финалида “Пахтакор” ОКМК билан баҳс олиб борган ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.