Фуқароларни ноқонуний йўллар билан АҚШга жўнатмоқчи бўлганлар ушланди
3-саҳифа
−
27 Июль
3138Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ўтказилган тадбирларда АҚШга ноқонуний юборишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳрида яшовчи 32 ёшли шахс Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида истиқомат қилувчи 1997 йилда туғилган фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали “Тошкент-Истанбул-Мадрид-Тихуана” йўналишида АҚШга юборишга ваъда қилган. Шунингдек, у виза ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтган. У бундай “хизматлари” эвазига 334 млн сўм олган вақтида қўлга олинган.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи 1969 йилда туғилган шахс ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 3 нафар фуқарони АҚШга боришлари учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва виза олиб беришни ваъда қилган. У ўз “хизмати” эвазига 42 минг АҚШ доллари талаб қилган ва олдиндан 28 800 АҚШ доллари олаётган вақтда ушланган.
Шу билан бирга, Самарқанд шаҳрида яшовчи 1983 йилда туғилган шахс Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаронинг номига виза ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, уни “Туркия-Европа давлатлари-Мексика” йўналишида айланма йўллар орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 17 500 АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 6 минг АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқа ҳолатда эса Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи шахс 1989 йилда туғилган Учқудуқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони Туркия ва Мексика давлатлари орқали Қўшма Штатларга юбориш ва у ерда ишга жойлаштириш эвазига 19 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 6200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи 1988 йилда туғилган шахс жиззахлик фуқарони Қўшма Штатларга ишга юборишни ваъда қилиб, 2023 йилнинг апрель-май ойларида 14 300 АҚШ долларини олиб, уни айланма йўллар билан Жанубий Африка Республикасига юборган. Вазиятни ўнглаш, яъни уни Америкага ўтказиш учун унинг отасидан қўшимча 6700 АҚШ доллари талаб қилган. У сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтимиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Пайариқ туманида фуқарони 24 000 АҚШ доллари эвазига Америка Қўшма Штатларига ишга юборишни ваъда қилган фирибгар ушланганди.
LiveБарчаси