Франциядаги тартибсизликлар тўлқини Бельгияни ҳам қамраб олди
Олам
−
30 Июнь 2023
9328Францияда полиция 17 ёшли йигитни отиб қўйганидан сўнг мамлакатни тартибсизликлар қамраб олди. Бунинг ортидан Бельгия пойтахт Брюсселда ҳам тартибсизликлар авж олиб, 64 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Бельгиянинг “Soir” газетаси маҳаллий полиция баёнотига таяниб хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ёшлар шаҳарнинг кўплаб ҳудудларида “полиция билан мушук-сичқон ўйнаш” учун йиғилган. Кўрилган чоралар натижасида 47 нафар вояга етмаган ва 16 нафар катта ёшли шахс қўлга олиниб, маъмурий қамоққа олинган.
Газетанинг аниқлик киритишича, кўп сонли полициячилар тўпланган Аннессенс ва Жанубий вокзалда вазият айниқса кескинлашган.
Қоидабузарлар гулханлар ва машиналарни ёқиб юборган, скутерлар ва картон қутилар билан ўтиш жойини тўсиб қўймоқда.
Полиция маълумотларига кўра, қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича зудлик билан чоралар кўрилган ва ярим тунга келиб вазият барқарорлашган.
“Dernier Er” нашрининг ёзишича, тартибсизликлар ҳали ҳам ноаниқ ва оммавий тус олгани йўқ. Шу билан бирга, пойтахтда Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтаётганда шаҳардаги вазият издан чиқишига йўл қўймаслик учун полиция муҳим кучларни сафарбар этмоқда.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бўйсунишдан бош тортгани учун йигитга ўқ узилган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилади, зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланилган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Тартибсизликларнинг биринчи кечасида 150 нафар киши ҳибсга олинганди. Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.
LiveБарчаси