Франциядаги намойишлар фонида 76-Канн халқаро кинофестивали қандай очилди? (фоторепортаж)
Маданият-санъат
−
17 Май 2023
4949Кеча, 16 май куни 76-Канн халқаро кинофестивалининг Францияда очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу хақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.
Маросимнинг илк кунида Катрин Денёв, Ума Турман ва унинг ўғли Хелен Миррен, Алессандра Амбросио, Эммануэль Беар, Дмитрий Рассам ва унинг рафиқаси Шарлотта Касираги, Наоми Кемпбелл каби машҳур юлдузлар иштирок этди.
Тарихда биринчи марта фестивалнинг президенти аёл киши – германиялик продюссер Айрис Кноблох бўлди. Бунга қадар бу вазифани журналист ва жамоат арбоби Пьер Лескюр бажариб келган эди.
Билдирилишича, 2023 йилги кинофестивал актёр Майкл Дугласга ёрқин каръерасига эътироф сифатида фахрий “Олтин палма новдаси” статуэткаси топширилиши билан расмий очилган.
Тадбирда актриса ва режиссёр Майвен Ле Бесконинг (Jeanne du Barry), “Жанна ду Барри” тарихий драмаси биринчи бўлиб намойиш этилди. Фильм қирол Людовик XV билан учрашгандан сўнг Франциядаги энг нуфузли аёллардан бирига айланган Жан Воберниер исмли ёш аёл ҳақида ҳикоя қилади. Қирол ролини актёр Жонни Депп ўйнаган, бу иш унинг сўнгги уч йилдаги биринчи асосий роли бўлди. Cобиқ рафиқаси Эмбер Херд актёрни оиладаги зўравонликда айблаганлиги сабабли, Депп бир қанча вақт фильмларда роль ўйнашга таклиф қилинмай, шартномалари бекор бўлган эди. Режиссёрнинг ўзи фильмда бош ролни ижро этган. Фильмда машҳур актёр Пьер Ришар ҳам суратга тушган.
Кинокўрик ташкилотчилари асосий танловда иштирок этиш учун турли мамлакатлардан 21 та фильмни танлаб олган. Фестивалнинг бош соврини учун, Уэс Андерсон режиссёрлигидаги, бош ролларда Тильда Суинтон, Эдриан Броди, Том Хэнкс ва Маргот Робби иштирокидаги, “Астероид шаҳри” (“Asteroid City”), кинорежиссёр Вима Вендерсанинг “Мукаммал кунлар” (“Perfect Days”) ҳамда Вим Вендерс ва Аки Каурисмяки режиссёрлиги остида “Хазон бўлган барглар” филмлари кураш олиб боради.
Кинофестивал 27 май шанба кунига қадар давом этади.
Таъкидлаш лозимки, бу йилги фестиваль Францияда январь ойи охиридан бери энг кам пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга кўтариш бўйича ҳукуматнинг пенсия ислоҳоти режасига қарши норозилик намойишлари остида кечаётган кескинлик фонида ўтмоқда. Натижада хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, шаҳарда хизмат қилиш учун қўшимча 1000 нафар полиция ва жандарм ходимлари ажратилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари шаҳардаги тартибни ҳам онлайн назорат қилиш мақсадида Каннда 800 дан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатди.
Маълумот учун, биринчи Канн кинофестивали 1939 йил сентябрь ойида бўлиб ўтиши керак эди. Уни ташкил этиш ғояси 1932 йилда туғилган, аммо уни амалга ошириш Иккинчи жаҳон уруши туфайли тўхтатилган. Натижада биринчи фестиваль 1946 йилда бўлиб ўтган ва ҳар йили ўтказиш анъанага айланган. 1948 ва 1950 йил эса бундан мустасно. Фестиваль тарихида илк бор 2020 йилда пандемия сабабли гибрид форматда мукофотларсиз ўтказилган эди. Бироқ ўша пайтда танловга тақдим этилган фильмлар фестиваль бренди остида чиқиш ҳуқуқини олган.
Севара Азимова
LiveБарчаси