Франция яна талатўп ичида қолди
Олам
−
06 Апрель 2023
7887Бутун Франция бўйлаб минглаб аҳоли парламентда овоз беришсиз қабул қилинган пенсия ислоҳотига қарши яна кўчага чиқди. Бу пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга кўтаришни назарда тутувчи қонунга қарши кўтарилган нарозилик намойишларининг 11-тўлқини бўлди.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, мамлакатнинг турли шаҳарлари, жумладан Ницца ва Реннда ҳам аҳоли оммавий норозилик намойишларига тўпланган. Хусусан, таълим, транспорт ва энергетика соҳалари ходимлари томонидан умумий иш ташлаш эълон қилинган.
Франция Ички ишлар вазири Жеральд Дарманин ўз Twitter саҳифасида мамлакат бўйлаб давом этаётган оммавий намойишлар муносабати билан 11500 нафар полиция ва жандарм сафарбар қилинганини маълум қилган. Франция разведка хизматлари эса намойишларда 600 мингдан 800 минггача намойишчи иштирок этишини тахмин қилмоқда.
Кенг кўламли митингларга Ванвес ва Гренобль каби турли шаҳарлардаги лицей ўқувчилари ҳам қўшилган. Шунингдек, иш ташлаш ва намойишлар ортидан Рона минтақасида электр таъминотида узилишлар юз берган.
Пойтахт Парижда эса касаба уюшма аъзолари шаҳар марказида жойлашган BlackRock инвестиция фирмасининг офисига бостириб кириб, шиорлар айтиб, петардалар (пиротехника маҳсулоти) отган. Улар пенсия ислоҳотига қарши намойишчиларнинг севимли шиори (“On est la” – “биз шу ердамиз”)ни баланд овозда куйлаб, ярим соатдан сўнг бинони тарк этган. Намойишчилардан бири BlackRock ўзининг шахсий пенсия жамғармаси фаолияти туфайли нишонга олинганини очиқлаган.
“Ҳукумат пенсиялардан воз кечмоқчи, одамларни шахсий пенсия жамғармалари ҳисобидан ўз пенсияларини молиялаштиришга мажбурламоқчи. Аммо биз биламизки, бундай ўзгаришдан фақат бойларгина фойдалана олади”, дейди намойишларда қатнашаётган мактаб ўқитувчиси.
Маълумот учун, нафақалар қисман хусусий пенсия жамғармалари томонидан молиялаштириладиган бошқа кўплаб Европа давлатларидан фарқли ўлароқ, Франциядаги пенсия тизими ҳозирда ишлаётганларнинг тўловлари тўғридан-тўғри нафақадагиларнинг пенсияларини молиялаштиришини назарда тутади. Ҳукумат эса пенсия тизимини сақлаб қолиш учун уни ўзгартириш зарур, деб ҳисобламақда.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тизимнинг молиявий мувозанатини таъминлаш мақсадида пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача ошириш ва махсус пенсия режимларини бекор қилишни назарда тутувчи ислоҳот жорий йилнинг январь ойида тақдим этилган эди. Таклиф этилаётган ўзгаришлар дарҳол кўплаб норозиликларга сабаб бўлган, бутун мамлакат бўйлаб бир неча бор оммавий намойиш ва иш ташлашлар ўтказилганди. Жорий йилнинг 16 март куни эса Бош вазир парламентни четлаб ўтиб, ҳукумат масъулияти остида пенсия таъминоти тизимига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинишини маълум қилди. Касаба уюшмалари ва мухолиф сиёсий партиялар вакиллари ҳукуматнинг бу ҳаракатини қоралаб, бутун мамлакат бўйлаб иш ташлашларни кўпайтиришга чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь