Франция қўшниси билан муносабати таранглашган Ҳиндистонга қирувчи самолёт сотяпти

Олам

image
Туркия Покистонга ҳарбий самолёт жўнатди – ОАВ north_east

Туркия Покистонга ҳарбий самолёт жўнатди – ОАВ

Ҳиндистон Мудофаа вазири Ражнат Сингх ва унинг француз мавқедоши Себастьен Лекорню Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларига 26 та Франциянинг Dassault Rafale қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда кеча, 28 апрель куни Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги ўзининг расмий сайтида маълум қилди.

Қиймати 640 миллиард рупий (тахминан 6,58 миллиард евро) бўлган шартнома 22 та Rafale-M жанговар самолёти ва тўртта Rafale-D ўқув самолётини етказиб беришни ўз ичига олади. Нью-Деҳли қирувчини 2030 йилгача қабул қилиши кутилмоқда. Шартнома, шунингдек, Ҳиндистонда Rafale фюзеляжларини ишлаб чиқариш, жумладан, самолёт двигателлари, датчиклари ва қуролларига техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва капитал таъмирлаш бўйича иншоотларни ташкил этишга имкон беради.

Rafale-М – ташувчига асосланган қирувчи. Франция самолёти 2022 йилда хизматга кириши керак бўлган янги INS Vikrant авиаташувчининг ҳаво қанотини ташкил қилиши кутилмоқда.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Ҳиндистонда аллақачон 28 Rafale EH ва 8 Rafale DH хизмат кўрсатмоқда ва қирувчи самолётнинг “денгиз вариантини” сотиб олиш “оператив имкониятларни оширади, шунингдек, Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари ва ҳаво кучлари учун самолётларни тайёрлаш ва логистикасини оптималлаштиради”.

Ҳиндистон француз қирувчи самолётлари билан бир қаторда 2009 йилдан бери Россиянинг “Викрамадитья” авиаташувчиси базасида жойлашган МиГ-29К/КУБ самолётларидан фойдаланмоқда. 2023 йил ҳолатига кўра, мамлакатда 42 та шундай қирувчи бор эди, аммо уларнинг деярли ярми захирада.

“Айни пайтда авиаташувчидан учишга мўлжалланган Россия самолётларининг хизмат муддати тугаяпти”, деб ёзади Ҳиндистоннинг “Hindu” нашри.

Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари ва ҳаво кучлари учун қирувчи самолётлар паркини янгилаш ва кенгайтириш масаласи 2018 йилдан бери очиқлигича қолмоқда – ўшанда Нью-Деҳли 114 та қирувчи самолёт сотиб олиш режасини эълон қилган, бу дунёдаги энг йирик ана шундай битимлардан бири бўлади.

Россия Ҳиндистонга ўз заводларида МиГ-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқаришни таклиф қилиб, ушбу тендерда асосий даъвогарлардан бири эди.

Россия учун Ҳиндистон билан бу борадаги ҳамкорлик янгилик эмас – Нью-Деҳли илгари ҳарбий самолётларининг аксарият қисмини Москвадан сотиб олган.

Бироқ 2023 йилда Россия Бирлашган Авиация Корпорацияси раҳбари Юрий Слюсар тендер қолдирилганини эълон қилди. Россия вакили ҳеч қандай сабаб келтирмади, бироқ 2025 йилда бир қанча давлатлар, жумладан, Дональд Трамп бошчилигидаги АҚШ Ҳиндистон билан кўп миллиард долларлик тендерда иштирок этиш бўйича музокаралар олиб бораётган эди.

Шу билан бирга, “Reuters” аввалроқ Нью-Деҳли Россиянинг Украинага қарши давом этаётган кенг кўламли уруши ва Ғарб давлатлари томонидан киритилган тегишли санкциялар фонида Москва билан ҳарбий таъминот соҳасида ҳамкорликни қисқартиришга ҳаракат қилаётганини ёзган эди.

“Худди шундай ҳолат Россия нефтини Ҳиндистонга етказиб беришда ҳам кузатилмоқда”, деб ёзади “Bloomberg”.

Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Кашмир минтақасининг Ҳиндистон ҳудудидаги Пахалгам шаҳри яқинидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган сайёҳларга террорчилар ҳужум қилган эди. Оқибатда 26 нафар ҳиндистонлик ва 1 нафар Непал фуқароси ҳалок бўлди.

Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга нисбатан қатор чоралар кўрилишини эълон қилди. Хусусан, қуруқликдаги ягона очиқ чегара пункти Аттари ёпилишини ва Ҳинд дарёсининг суви тўсилиши билдирилди.

Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпиб, Ҳинд дарёси сувининг тўсилиши уруш эълон қилиш сифатида баҳолашини маълум қилди. Бу орада икки давлат фуқароларини SAARC визасидан озод қилиш тизими тўхтатилди ва уларга тез фурсатда мамлакатларни тарк этиш буюрилди.

25 апрелга ўтар кечаси эса Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирда жойлашган назорат чизиғи бўйлаб бир-бирига қарата ўт очди. Ҳозирча ҳар икки томон йўқотишлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Ҳалок бўлганлар ёки яраланганлар бор-йўқлиги номаълум. Шунга қарамай, Деҳли ва Исломобод бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айбламоқда.

Маҳаллий нашрлар эса Покистон Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси оқимини тўхтатиши ёки йўналишини ўзгартиришга уринишларини уруш ҳаракати сифатида баҳолаши ҳақида расман огоҳлантирганига қарамай мазкур дарё оқими тўлиқ тўсиб қўйганини хабар қилмоқда. Бу 1960 йилда имзоланган Ҳинд дарёси сув ресурслари бўйича битимдан буён биринчи марта кузатилмоқда. Мазкур шартнома сиёсий келишмовчиликларга қарамасдан, томонларни сув ресурсларини биргаликда бўлишишга мажбур қиларди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Ҳиндистон Dassault Rafale

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг