Франция Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича прокурор таклифини қўллаб-қувватлади
Олам
−
21 Май
5309Франция Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурорининг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галант ҳамда ҲАМАСнинг уч нафар етакчисини уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблаб, ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги илтимосини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
“Франция Халқаро жиноий судни, унинг мустақиллигини ва барча вазиятларда жазосизликка қарши курашни қўллаб-қувватлайди”, дейилади ТИВ баёнотида.
Ташқи ишлар вазирлиги Франция 2023 йил октябрь ойида ҲАМАС ҳужумини расман қоралаганини эслатди.
“Исроилга келсак, суднинг дастлабки тергов палатаси бир-бирини тўлдириш тамойилини ва Исроил судларининг мумкин бўлган ҳаракатларини инобатга олган ҳолда прокурор томонидан унинг айбловларини қўллаб-қувватлаш учун тақдим этган далилларни ўрганиб чиқиб, ушбу ордерларни бериш ёки бермаслик тўғрисида қарор қабул қилиши керак”, дейилади Франция вазирлиги баёнотида.
Расмий Париж Франция нафақат можаро зонасида тинчлик ўрнатиш, балки исроилликлар ва фаластинликларнинг азоб-уқубатларига чек қўядиган ечим топиш тарафдори эканини урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Халқаро жиноий суд бош прокурори Карим Хон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Хонияни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилган эди. Прокурор баёнотида исроиллик сиёсатчилар ва ҲАМАС етакчилари уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар эканлиги таъкидланган. Шундан сўнг Исроил ва ҲАМАС ХЖС прокурорининг талабини қоралади. АҚШ Президенти Жо Байден эса Карим Хоннинг Нетаньяху ва Галлантни ҳибсга олишга ордер беришни сўраган баёнотини қоралади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь