Франция компаниялари Транскаспий йўлагини ривожлантиришда қатнашишга тайёр – Макрон

Олам

image

Бугун, 1 ноябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон қозоғистонлик мавқедоши Қосим-Жомарт Тўқаев билан яккама-якка ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Бу ҳақда маҳаллий “Nur” нашри хабар берди.

“Транскаспий йўлагини ривожлантиришга бўлган қатъиятингизни олқишлайман. Бу бизнинг ниятларимизга мос келади. Умид қиламизки, бу ташаббус минтақада қўллаб-қувватланади. Мамлакатингиз бу борада стратегик аҳамиятга эга”, деган Макрон кенгайтирилган таркибда музокаралар чоғида. 

Шунингдек, у Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришда француз компанияларининг иштирокига таяниши мумкинлигини айтган. 

“Қозоғистон Франция корхоналарининг Осиё ва Ўрта ер денгизи ўртасида янги логистика йўлаги яратиш лойиҳасида фаол иштирок этишига ишониши мумкин”, деган Франция раҳбари Тўқаев билан учрашуви якунида.

Макрон Париж ва Остона стратегик ҳамкорликни ривожлантириш суръатларини тезлаштириши зарур, деган фикрни билдирган.

“Ҳамкорлигимиз учун яхши асослар яратилган, лекин уни тўлдириш ва жадаллаштириш зарур”, деган Франция Президенти.

Қозоғистоннинг Париждаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2005 йилдан буён республикага Франция капитал қўйилмалари ҳажми 17 миллиард доллардан ошган. Франция бизнеси Қозоғистондаги барча етказиб берувчилар орасида саккизинчи ва Ғарбий Европа етказиб берувчилари орасида (Германия ва Италиядан кейин) учинчи ўринни эгаллайди. 

Қозоғистонда Франция капитали иштирокидаги 170 га яқин корхона, жумладан, Total, Airbus, Air Liquide каби йирик компаниялар фаолият кўрсатмоқда. Франция компаниялари, хусусан, углеводород, қурилиш, уран, авиация, темир йўл ва агросаноат соҳаларида намоён бўлмоқда.

Эммануэль Макрон икки давлат орасида маданий-гуманитар алоқалар янада кенгайиш истаганини ҳам билдирган. У Тўқаевни 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Тинчлик форумида иштирок этишга таклиф қилган.

“Президентни келаси йили Францияга ташриф буюришга, шунингдек, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Тинчлик форумининг фахрий меҳмони бўлишга таклиф қиламан”, деган Макрон қозоғистонлик мавқедоши билан Остонадаги учрашуви якунида.

Бундан ташқари, Макрон Тўқаевга икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлагани ва “Остона ва Париж ўртасидаги муносабатларни ҳаётий ҳолатда сақлаб қолгани” учун миннатдорлик билдирган.

Франция раҳбари Остонага сафари давомида М.С. Нарикбоев номидаги Қозоғистон гуманитар юридик университети талабалари билан ҳам учрашган. Улар билан суҳбатда Макрон Европага Россия Федерацияси билан барқарор муносабатлар тизими керак, деб ҳисоблашини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, Европадаги хавфсизлик архитектурасини кескинлашув ва можаролар асосида қуриш мумкин эмас. 

“Россия географик жиҳатдан Европанинг бир қисмидир, шунинг учун биз ЕИ аъзолари, аъзо бўлмаган давлатлар ва Россия ўртасида барқарор муносабатлар тизимини яратишимиз керак”, деган Макрон.

Франция раҳбарининг фикрича, Европа Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги қурол-яроғ масалалари бўйича мулоқотдан қочмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, Эммануэль Макроннинг Қозоғистонга сафари тугагач, у Ўзбекистонга келади. Олий даражадаги музокаралар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Президент Шавкат Мирзиёев аллақачон Самарқандга етиб борган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Франция Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг