Франция қатор россиялик журналистларни Олимпиадага киритмайди
Спорт
−
21 Июль
5756Франция ҳукумати Париж шаҳри мезбонлик қиладиган ёзги Олимпиада ўйинларига бир қатор россиялик журналистларни киритмасликка қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен кеча, 20 июль куни “Le Journal du Dimanche” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Тақиқ Россия, Беларусь ва бошқа бир қатор мамлакатлардан юзга яқин одамга тааллуқли”, деган Дарманен.
Унинг аниқлик киритишича, гап 2024 йилги Олимпиадага журналист, физиотерапевт ёки техник ходимлар ниқоби остида келишни истаган хорижликлар ҳақида кетмоқда.
“Эҳтимол, улар бу ерда ҳужумлар уюштириш ва тартибсизликлар қилиш учун келмаётгандир. Лекин, разведка ва анъанавий жосусликдан ташқари, киберҳужумларни амалга ошириш учун улар компьютер тармоқларига уланиш учун ушбу тармоқларга кириш нуқталаридан хабардор бўлишлари табиий”, деган вазир.
Жеральд Дарманенга кўра, Халқаро олимпия қўмитасида ишлайдиган россияликларга эса ўйинларда қатнашиш учун рухсат берилган.
“Биз ўйинларни ёритишни хоҳлаётганини даъво қилган кўп сонли қўштирноқ ичидаги журналистларни рад этдик, бошқа томондан, эҳтиёт тамойилидан келиб чиққан ҳолда, фақат қўмитада ишлаётган россияликларга рухсат бердик”, дейди у.
Шунингдек, Франция Ички ишлар вазири разведка хизматлари томонидан текширилган 960 минг киши, жумладан кўнгиллилар, стадион ишчилари ва спорт делегациялари аъзолари 2024 йилги Олимпиада ўйинларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини айтди.
Маълумот учун, 26 июль куни Парижда бошланадиган ёзги Олимпия ўйинларида 15 нафар россиялик ва 16 нафар беларуслик спортчи иштирок этиб, ўйинларда нейтрал мақомда қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция хавфсизлик хизматлари Париждаги Олимпиада ўйинлари вақтида терактлар тайёрлаганликда гумон қилинган экстремистни қўлга олганди. Шунингдек, ўйинлар арафасида Париждан 5 мингга яқин муҳожирлар чиқариб юборилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь