Франция Дуровни кимнингдир маслаҳати билан ҳибсга олди – Лавров
Олам
−
27 Август
6262Франция Telegram асосчиси Павел Дуровни кимнингдир маслаҳати билан ҳисбга олди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров яманлик мавқедоши Шайя Моҳсин ал-Зиндоний билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
Лавровнинг айтишича, расмий Париж буни махфий шифрлаш кодларига киришни истагани учун қилмоқда.
“Ушбу платформадан фойдаланишга келсак, Теlegram жуда қулай ва у ҳақиқатан ҳар хил таҳдидлардан жуда яхши ҳимояланган. Шунинг учун ҳам Дуров кимнингдир маслаҳати билан олиб кетилган ва унга даҳшатли жазо билан таҳдид қилинган, деб ўйлайман. Улар Дуровни ҳибсда ушлаб туриш орқали қандайдир тарзда шифрлаш имкониятига эга бўлмоқчи”, деган Лавров.
Дуров ҳибсга олиниши билан Теlegram АҚШнинг энг яхши мобил иловалари (ўйинлар бундан мустасно) рейтингида 18-ўриндан 8-ўринга кўтарилди. Бу АҚШда камида 2023 йил 1 январдан бери энг юқори рейтинг. Теlegram АҚШда фойдаланилувчи ижтимоий тармоқлар рейтингида 2-ўринни эгаллади. Францияда эса Теlegram АppStore дўконида “Ижтимоий тармоқлар” йўналишида биринчи ўринга кўтарилди ва барча турдаги иловалар орасида учинчи энг оммабоп илова бўлди.
Маълумот учун, Павел Дуровга терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, телеграмдаги педофилияга асосланган контент сингари бир қатор айбловлар қўйилгани, бу айбловлар билан Дуров Францияда 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди. Париж прокуратурасига кўра, Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Теlegram асосчиси Павел Дуровни кўплаб кибержиноятларда гумон қилиниб, исми ошкор этилмаган шахсга қарши тергов доирасида сўроқ қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги Павел Дуровга фуқароси сифатида барча зарур консуллик хизматларидан фойдаланиш имкониятини бериш кераклигини маълум қилганди.