Саргардонлик силласини қуритган тақдирлар (фоторепортаж)
Олам
−
20 Июнь 2020
11188XXI асрда инсоният ҳар соҳада мисли кўрилмаган даражада ривожланишга эришган бўлса-да, Ер юзида урушлар ҳамон давом этяпти. Бу урушлардан эса энг кўп тинч аҳоли азият чекяпти, одамлар ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўляпти. Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 80 миллионга яқин одам ўз Ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Бошқача айтганда қочқинлар ва ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган одамлар Ер аҳолисининг 1 фоиздан ортиқроғига тенг. Бу рақамлар йилдан йилга ортса ортяптики, камаймаяпти. Сўнгги 12 ойда эса қочқинлар сони деярли 9 миллионга кўпайган. Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги идорасининг йиллик ҳисоботида айтиб ўтилган. Ҳисобот ҳар йили 20 июнь – Халқаро қочқинлар куни арафасида эълон қилинади.
2019 йил охиридаги маълумотларга кўра, дунёда 79,5 млн одам мажбуран ўз уйларини ташлаб кетган. Уларнинг 45,7 миллиони ўз мамлакати ҳудудида кўчиб юради, 29,6 миллиони чегарадан чиқиб кетган ва қочқинга айланган. 4,2 млн нафари хорижда ўзига жой берилишини кутяпти. Улар ўз уйидан безор бўлганидан эмас, балки атрофидаги урушлардан чарчаб, жонини сақлаб қолиш учун сарсон бўлишга маҳкум. Ҳар йили минглаб қочқинлар йўлларда, денгизда чўкиб ҳалок бўлади.
“Мажбурий кўчиш муаоммоси инсониятнинг бир фоиздан ортиғига таъсир қиляпти”, дейилади ҳисоботда. 2018 йил охирида дунёда қочқинлар сони 70,8 миллионга тенг бўлган.
Комиссарлик кўчишга мажбур бўлганлар сонининг ортиши ҳақида маълумот бериб, 2019 йилда Конго Демократик Республикасининг Сахеля ҳудуди ҳамда Яман ва Сурияга эътибор қаратган. Ҳисобот муаллифлари 13,2 млн суриялик қочқин эканини ёки мамлакат ичида кўчиб юришини маълум қилган.
Қочқинлар сони ортиши билан бир вақтда уларнинг ортга қайтиш имкониятлари камайиб боряпти. Агар 1990-йилларда йилига 1,5 млн киши ўз Ватанига қайтган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич 385 минггача тушиб кетган. Буни ҳам ўша БМТ комиссарлиги айтяпти.
“Биз кўчишга мажбур бўлаётган одамларнинг ўзгараётган ҳақиқатларини кўряпмиз. Улар нафақат кенгайди, балки бу кўчишлар қисқа муддатли ва вақтинчалик бўлмай қолди”, деди БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди.
Комиссарлик маълумотига кўра, сўнгги 10 йилда қочқин ва кўчган инсонлар сони деярли икки баравар – 41 млндан 79,5 млнгача кўпайган. Қочқинларнинг учдан икки қисми Сурия, Венесуэла, Афғонистон, Жанубий Судан ва Мьянма фуқароларидан иборат. Кўриниб турибдики, қочқинларнинг бари қуролли тўқнашувлар давом этаётган мамлакатлардан чиқиб кетган. Бундай қўрқинчли статистикани кўриб, Халқаро қочқинлар кунини аллақачон Халқаро уруш қурбонлари куни деб номлаш пайти келмадимикан деган фикр пайдо бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь