Фолькер Турк Ўзбекистонни мақтаб кетди
Жамият
−
16 Март 2023
12663Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Фолькер Турк Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаб, бошқа мамлакатларни ҳам ундан ўрнак олишга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 15 март куни БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очган.
“Ўзбекистоннинг тарихи ранг-баранг ва бой, айни пайтда мураккабдир. Мен бу ўлкага ўтган гал Совет Иттифоқидан энди мустақилликка эришганидан кўп ўтмай келганман ва бугун мен ўша пайтдагидан бутунлай бошқача мамлакатни кўрмоқдаман. Тошкентда атрофингизга назар ташлаш кифоя. Бугун мен имкониятларга тўла, жўшқин мамлакатни кўряпман”, дейди у.
Шунингдек, Комиссар Ўзбекистоннинг олдинги сиёсий тузилмалари инсон ҳуқуқларига эътибор бермагани, бироқ сўнгги олти йил ичида бу тубдан ўзгарганини қўшимча қилган.
“Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг кўламли соҳаларда муҳим ҳуқуқий ислоҳотларни ўз ичига олди:
- пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам бериш;
- 76 000 дан ортиқ аввал фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш;
- Сурия ва бошқа ерлардаги лагерлардан 500 дан ортиқ аёл ва болаларнинг қайтариб, олиб келиш ва қайта интеграциясини таъминлаш. Мен бошқа давлатларни ҳам ўрнак олишга чақираман”, дея ўз фикрини билдирди Фолькер Турк.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Турк бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга 13 март куни етиб келган. Ўтган уч кун давомида Президент Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ИИВ, Адлия вазирликлари ва Бош прокуратура раҳбарияти билан учрашган.
“Мени илиқлик ва меҳмонтўстлик билан кутиб олишди, давлат мансабдор шахсларидан тортиб, ҳуқуқ ҳимоячиларигача бўлган кенг доирадаги одамлар билан очиқ ва самимий суҳбатлар ўтказдим. Бугун эрталаб Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашдим ва у амалга оширилаётган ислоҳотларга батафсил тўхталиб ўтди. Ўтган олти йил ичида Ўзбекистонда ўзгаришлар бўйича кўп ишлар қилинди ва мен истиқболдаги саъй ҳаракатларда инсон ҳуқуқларини эътибор марказида сақлашга бўлган садоқатига юқори баҳо бердим”, деди Фолькер Турк.