Флоридада тўфон хавфи туфайли 5,5 млн аҳоли эвакуация қилинмоқда
Олам
−
09 Октябрь
5622АҚШнинг Флорида штати губернатори Рон Десантис яқинлашиб келаётган “Милтон” тўфони сабабли дарҳол штат аҳолисини эвакуация қилишга чақирди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
АҚШ Федерал фавқулодда вазиятлар агентлигига кўра, мажбурий ёки тавсия қилинган эвакуация ҳақидаги хабарлар 5,5 миллиондан ортиқ кишига юборилган. Бу эса Флорида тарихидаги энг катта эвакуация ҳисобланади.
“Чиқмоқчи бўлсангиз, ҳозироқ чиқинг,” деган губернатор матбуот анжуманида.
Шунингдек, у Президент Жо Байден штат ҳокимияти томонидан таклиф этилган барча чораларни қўллаб-қувватлаганини ва тўфон оқибатларига қарши курашда АҚШ Миллий гвардиясининг 8 мингга яқин аъзолари жалб қилинишини маълум қилган.
Қайд этилишича, “Милтон” 2005 йилдан бери Мексика кўрфазида кузатилган энг кучли тўфон ҳисобланади. Бугун, 9 октябрь куни у Тампа кўрфазига етиб келиши кутилмоқда, бу ҳудудда 3,3 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Тўфоннинг аниқ қаерга урилиши синоптиклар томонидан ҳали аниқланмаган. Кеча, 8 октябрь куни “Милтон” АҚШ Миллий тўфонларни кузатиш маркази (NHC) томонидан бешинчи шкаладаги тўфонга айлангани тасдиқланган. NHC маълумотларига кўра, тўфон соатига 14,5 км тезликда ҳаракатланиб, шамол тезлиги соатига 287 километргача етмоқда. Флорида томон тўфон яқинлашиши фонида 1,5 мингдан ортиқ авиақатновлар бекор қилинган. “Милтон” ҳақидаги огоҳлантиришлар штатда 277 кишининг ҳаётига зомин бўлган “Ҳелен” тўфонидан бир ҳафта ўтиб эълон қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жо Байден штатнинг тўфонга тайёргарлигини шахсан назорат қилиш учун Германия ва Ангола сафарларини қолдирган эди. Шундан сўнг, Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам ушбу мамлакатларга ташрифларини бекор қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь