Филиппинда табиий офат қурбонлари кескин ошди

Олам

image

Филиппинда “Раи” тўфони ортидан содир бўлган сел, бўрон ва вайронагарчилик қурбонлари сони 121 нафарга етди. “Sky News” хабарига кўра, 13 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Табиий офат Филиппиннинг марказий ва жануби-шарқий қисмларини қамраб олган. Тайфун эпицентрида шамол тезлиги соатига 195 км га етади. Тўфон кўплаб ҳудудларда электр таъминотида узилишлар ва жиддий вайронгарчиликлар келтирган.

Офатдан энг кўп жабрланган Бохол провинциясида қурбонлар сони 72 кишига етди, 10 киши бедарак йўқолган. Вилоят губернатори Артур Яп минтақа чегараларидаги туманлар раҳбарларига одамларнинг озиқ-овқат ва ичимлик суви каби фавқулодда эҳтиёжларини қондириш вазифасини топширди.

Кучли ёмғир ва бўрон кўплаб қишлоқларда дарахтларни ағдариб ташладган, сув тошқинига сабаб бўлган, уйлар ва йўлларга зарар етказган.

Умумий ҳисобда “Раи” тўфони 780 мингга яқин одамга зарар етказган, шундан 300 минг қишлоқ аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.

Қидирув ва қутқарув ишларини қўллаб-қувватлаш учун қўшинлар сафарбар этилган.

Филиппин Президенти Родриго Дутерте вазият билан жойида танишган. Давлат раҳбари вилоятга 40 миллион доллар ёрдам ваъда қилган.

Маълумот учун, Филиппинда ҳар йили ўртача 20 та бўрон ва тайфунлар содир бўлади. “Хайян” тўфони Филиппиндаги энг ҳалокатли бўлиб, 2013-йилда 6000 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган ва катта зарар келтирган.

Аввалроқ Филиппинда "Раи" тўфони оқибатида 75 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

тўфон Филиппин

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг