FIFA UEFA’ни ташкилот раҳбарига туҳмат қилишда айбламоқда
Спорт
−
09:41 238 2 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Европа футбол иттифоқини (UEFA) FIFA раҳбариятига қарши туҳмат кампанияси олиб боришда айблади. Бу ҳақда FIFA’нинг расмий баёнотига таяниб, “The Athletic” нашри хабар берди.
Аввалроқ, UEFA FIFA президенти Жанни Инфантинога қарши Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотишга уриниш билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
“Гарчи ушбу сўровлар сарлавҳалар ва иш рақамлари билан ҳуқуқий ҳужжатлар сифатида расмийлаштирилган бўлса-да, аслида улар UEFA’нинг FIFA ва унинг раҳбариятига қарши туҳмат кампаниясини қўллаб-қувватловчи матбуот хабарларидан бошқа нарса эмас”, дейилади FIFA баёнотида.
Жорий йилнинг июль ойида Инфантино ташкилотнинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги асосий мусобақаларини назорат қилувчи алоҳида компания тузишни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Унинг фикрича, FIFA Forward Enterprise ташкил этилиши FIFA’га аъзо ассоциацияларнинг даромадларини оширишга ва бутун дунё бўйлаб футбол ривожига ҳисса қўшишга хизмат қилиши мумкин.
FIFA маълумотларига кўра, мазкур схема 4,2 миллиард доллар миқдоридаги маблағни жалб қилиши мумкин. Бироқ бу ташаббус расмийлар, миллий федерациялар ва қатор футбол ташкилотлари томонидан кенг танқид қилинди.
Жумладан, Инфантинонинг таклифи UEFA, Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ), Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) томонидан қўллаб-қувватланмади.
Кейинчалик Африка футбол конфедерацияси, Аргентина футбол ассоциацияси ҳамда яна бир қатор миллий футбол федерациялари Инфантино ташаббусини қўллаб-қувватлашларини маълум қилганди.
Live
Барчаси