FIFA лигаларга мавсумда бир ўйинни хорижда ўтказишга рухсат беради – ОАВ
Спорт
−
25 Апрель 1702 2 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) лигаларга миллий чемпионатнинг битта ўйинини бир мавсум давомида чет элда ўтказишга рухсат беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, FIFA ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган янги протоколда аниқроқ қоидалар шакллантирилади ва қатъий чекловлар белгиланади. Протоколга мувофиқ, расмий ўйинни бошқа давлатга кўчириш бўйича ҳар қандай сўров фақат барча асосий манфаатдор томонларнинг розилиги билан кўриб чиқилади ва FIFA вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлади. Хусусан, лига FIFA’га сўров юборишдан олдин клублар вакиллик қиладиган миллий ассоциация, у аъзо бўлган конфедерация, ўйинни ўтказишни режалаштирган мамлакатнинг миллий ассоциацияси ва унинг конфедерациясидан рухсат олиши керак.
Агар ўйинчиларнинг саломатлиги, юкламалар ва кўп сонли сафарлар билан боғлиқ хавотирлар юзага келса, FIFA сўровларни блоклаши мумкин. Шу билан бирга, ҳар бир давлат мавсум давомида бошқа лигаларнинг кўпи билан бешта ўйинини қабул қила олади.
2014 йилда ишлаб чиқилган амалдаги қоидаларга кўра, FIFA “халқаро ўйин”ни фақат тегишли тартиб-таомилларга риоя қилинмаган тақдирдагина тўхтатиши мумкин эди. Янги протоколлар кейинги мавсум бошланишидан олдин кучга кириши кутилмоқда.
Маълумот учун, жорий мавсумда Испания Ла Лигаси ва Италия А Серияси мос равишда Майами ва Австралиянинг Перт шаҳарларида чемпионат ўйинларини ўтказишни режалаштирган эди, бироқ “Вильярреал” – “Барселона” ва “Милан” – “Комо” учрашувлари маҳаллий ҳокимият органларининг эътирозларидан сўнг бекор қилинди.
Live
Барчаси